“Рақамли суд”

“Рақамли суд”

ypvapvarvaravi.jpg

 

       Юртимизда сўнгги йилларда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ичида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, адолат – давлат барқарорлигининг асосий пойдевори, инсон ҳуқуқларининг энг ишончли кафолати ҳисобланади. Бугун ҳар бир фуқаро судга мурожаат қилишда ўзининг ҳуқуқи таъминланишига, унинг иши холис ва қонуний тарзда кўриб чиқилишига ишониши керак. Шунинг учун ҳам Конституциямизда ҳар кимнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи мустаҳкам кафолат сифатида белгилаб қўйилган.

       Президентимиз томонидан “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон фақат малака ва кадрлар масаласини эмас, балки судлар фаолиятига замонавий рақамли технологияларни, жумладан сунъий интеллектни жорий этиш бўйича янги стратегик вазифаларни белгилаб берди. Мазкур фармон негизида ишлаб чиқилаётган “Рақамли суд” концепцияси суд тизими учун янги босқични бошлаб бермоқда.

       Асосий мақсад суд ишларини қоғозсиз, ортиқча бюрократиясиз, тезкор ва шаффоф ҳолда онлайн юритишдир. Бу, аввало, фуқаро ва тадбиркорларга катта қулайлик яратади. Энди судга ариза бериш учун қоғоз тўлдириб, маълумот тўплаб, ариза қабул қилиш хонасида навбатда туриш талаб этилмайди. Аризалар электрон шаклда юборилади, сунъий интеллект аризанинг судга тааллуқлилигини ўзи аниқлайди, ишни қайси суд кўриши лозимлигини белгилаб беради. Энг қизиғи, сунъий интеллект суд муҳокамасининг тахминий натижасини ва сарф-харажатлар ҳисобини дастлабки тарзда шакллантириб, фуқарога олдиндан маълум қилади.