“Рақамли авлод қизлари-2025” маърифий лойиҳаси
“Рақамли авлод қизлари-2025” маърифий лойиҳаси

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Ренессанс” болалар оромгоҳида “Рақамли авлод қизлари-2025” маърифий тадбири ўтказилмоқда. Бугунги кунда ёшлар, айниқса, ўқувчи-қизларнинг рақамли технологияларга бўлган қизиқиши ва интилишини кучайтириш, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Ушбу тадбир Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат муассасаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
“Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси қизларнинг ахборот технологиялари бўйича билимларини янада ошириш, уларни касбга йўналтириш, илғор ғояларини қўллаб-қувватлашдек мақсадлар кўзлангани билан аҳамиятли. Маърифий лойиҳа давомида маҳоратли менторлар иштирокида таълим, сунъий интеллект, яшил иқтисодиёт ва иқлим ўзгариши каби йўналишларда дарслар ўтказилмоқда. Дарс жараёнларида чет эл университетлари моҳир педагогларининг иштирок этаётгани ҳам эътиборлидир.
“Рақамли авлод қизлари” маърифий лойиҳаси 2021 йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Бугунги кунгача унда 7 минг нафардан ориқ қизлар муваффақиятли қатнашган.
Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ҳамда хорижга таълим саёҳати учун йўлланмани қўлга киритади.