Президент Мудофаа вазирлиги қўшинларининг комплекс ҳарбий машқларини кузатди

Президент Мудофаа вазирлиги қўшинларининг комплекс ҳарбий машқларини кузатди

 

vavyayvayvayprvaprva.jpg

 

       Шавкат Мирзиёев 13 январь куни Тошкент вилоятидаги Махсус операциялар кучлари полигони билан танишди.  Президент ташаббуси билан сўнгги йилларда Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги барча дала ўқув майдонлари, ҳарбий қисм ва муассасаларда модернизация ишлари олиб борилиб, улар халқаро стандартларга мослаштирилди.

       Махсус бўлинмаларни самарали тайёрлаш мақсадида халқаро тажриба ва қўшинларни тайёрлашнинг замонавий тенденцияларини ҳисобга олиб ташкил этилган Махсус операциялар кучларининг янги полигони мазкур ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

       Давлат раҳбари бу ердаги жанговар ва махсус тайёргарлик машғулотларини ташкил қилишнинг янги усуллари билан танишди. Қуролли Кучлар бўлинмалари билан ўтказилаётган машқларнинг фаол босқичини кузатди.

       Ўқув давомида турли қўшинларга мансуб бўлинмаларнинг жанговар имкониятлари ҳамда уларнинг биргаликдаги ҳаракатларининг мувофиқлашганлик даражаси, шунингдек, қўшинлар ва қурол-яроғни бошқаришнинг янги рақамли тизимлари намойиш этилди.

       Турли жанговар операцияларни ўтказишда учувчисиз учиш аппаратларидан самарали фойдаланиш усуллари, шунингдек, турли хил ўқув-жанговар вазифаларни бажариш жараёнида артиллерия, авиация, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва қуруқликдаги қўшинларнинг биргаликдаги ҳаракатлари кўрсатилди.

       Ўқув якунида Қуролли Кучлар олий бош қўмондони бўлинмаларнинг тайёргарлиги ва уларнинг биргаликдаги ҳаракатларида эришилган уйғунлик даражасини юқори баҳолади.

       Давлат раҳбари Қуролли Кучларнинг қўмондонлик таркиби билан бўлган суҳбатда дунёда хавфсизликка таҳдидлар авж олаётган бугунги таҳликали кунларда тизим салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини таъкидлади.