Президент янги Замонавий санъат марказига ташриф буюрди

Президент янги Замонавий санъат марказига ташриф буюрди

 

rvapryvapryapprtyaitnogu5enc43o654564356ecj45n6j34f5ncukap.png

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги янги Замонавий санъат марказига ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

Замонавий санъат маркази – Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг етакчи лойиҳаларидан бири. Унинг барпо этилиши давлатимиз раҳбарининг ташаббуси, мамлакатимизда маданиятни ривожлантириш, ижодий муҳитни қўллаб-қувватлаш ва халқаро маданий ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.

Давлатимиз раҳбари халқимизнинг бой маданий мероси ва шонли тарихи бутун дунёда ҳақли равишда катта қизиқиш уйғотишини қайд этди. Сўнгги йилларда юртимизда ушбу бебаҳо бойликни тиклаш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Янги Замонавий санъат маркази ижодкорлар, кураторлар, тадқиқотчилар ва ёшлар учун очиқ майдонга, мамлакатимиз ва хориждаги замонавий санъат усталарини ўзига жалб этадиган масканга айланиши лозим. Бу ерда Ўзбекистоннинг бугунги маданий салоҳиятини халқаро майдонда намоён этадиган янги ғоялар, профессионал алоқалар ва лойиҳалар шаклланиши муҳим.

Ушбу марказ Ўзбекистонда замонавий санъатга ихтисослашган биринчи давлат муассасасидир. Шу билан бирга, у Марказий Осиёда кўргазма, таълим, тадқиқот ва маърифий фаолиятни бирлаштирган бундай кўламдаги илк маданий мажмуа ҳисобланади.