Покистон Бош вазири маслаҳатчиси Самарқанднинг туризм салоҳияти билан танишди

Покистон Бош вазири маслаҳатчиси Самарқанднинг туризм салоҳияти билан танишди

 ykpykupkrykrykrykurykupyu.jpg

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф доирасида кўҳна ва навқирон Самарқандга ҳам борди.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Самарқанд шаҳрида Покистон делегацияси билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболи юзасидан фикр алмашилди.

 

Покистон делегацияси учун дастлаб Самарқанднинг инвестициявий жозибадорлиги, туризм салоҳияти, тиббиёт ва фармацевтика йўналишидаги имкониятларига доир тақдимот намойиш этилди. Музокара давомида ҳаво қатнови кўламини кенгайтириш, ишбилармонлар ўртасидаги алоқани кучайтириш, олий таълим муассасаларида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш борасида сўз юритилди.

 

Меҳмонларга бугунги кунда Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган чет эллик талабалар, хусусан, 130 нафар Покистон ёшлари учун яратилган шарт-шароит ҳақида маълумот берилди. Тез кунда ушбу давлатдан яна 120 талаба, 10 нафар профессор-ўқитувчи Самарқандга келиши маълум қилинди. Бу мисоллар икки мамлакат ўртасидаги шериклик янги босқичда изчил ривожланиб бораётганидан далолат. Ташриф асносида меҳмонлар Имом Бухорий қабрини зиёрат қилишди, аждодимизнинг буюк маънавий мероси билан янада яқинроқ танишиш мақсадида улуғ муҳаддис номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлишди.

enopdsrszpanovkpyukpyukryryk.jpg

Уларга Имом Бухорийнинг маънавий мероси ёш авлодни диний қадрият, анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим қўлланма бўлаётгани хусусида маълумот берилди. Делегация вакиллари ўз юртларида Ўзбекистонга қизиқиш катта экани, хусусан, буюк алломаларимиз номи билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш ҳар бир покистонликнинг эзгу орзуси эканлигини таъкидлашди.

 

Меҳмонлар алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида сўз юритаркан, зиёрат туризмини ривожлантиришга доир биргаликдаги саъй-ҳаракатлардан мамнунлигини изҳор этишди.

 

Делегация аъзолари Самарқанд шаҳрининг бошқа диққатга сазовор масканларини ҳам томоша қилишди.

 

 

ЎзА