Пискент туманида зиёрат туризми ривожланмоқда
Пискент туманида зиёрат туризми ривожланмоқда

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Пискентда ҳам сайёҳларни жалб қилиш, зиёрат, қишлоқ хўжалиги туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жойларда ташкил этилаётган меҳмон уйларига кирган кишининг таассуроти ортади.
Тумандаги ўрта асрларда машҳур бўлган Кўлота тарихий жой ҳисобланади. Бу ерда жами 40 та булоқ бўлиб, ҳозир 12 та булоқ сувидан зиёратчилар фойдаланади. Бу ер ўзига хос, кўркам табиат ёдгорлиги ҳам ҳисобланади. Сайёҳлар бу ерга келса шу ерлик онахонлардан ёдгорлик билан боғлик афсоналарни тинглайди. Катта-катта тошлар остидан отилиб чиқувчи шифобахш ва зилол булоқлар суви эса халқ орасида шифобахшлиги билан анча машҳур. Шу туфайли зиёратчилар бу ернинг табиатидан баҳра олиш билан бирга, булоқ сувидан ичишади.
– Бир неча кундан буён мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қиляпмиз, – дейди Улдона опа Тошева. – Самарқанд, Бухоро вилоятларидаги қадимий обидалар, зиёрат масканларини бориб кўрдик. Кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Эндиги манзилимиз Фарғона вилояти томон кетаётган эдик. Йўл йўлакай Пискентдаги ушбу зиёрат жойига ҳам келганимиз жуда зўр бўлди. “Қириққиз” зиёратгоҳи ҳақида кўп эшитган бўлсам ҳам авваллари келмаган эдим. Мана ташкилотчиларнинг кўмаги билан шундай сўлим гўшаларда ҳам меҳмон бўлдик.

Сурхондарёлик қувноқ онахонларнинг миллий қўшиқлари, рақслари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Жорий йил шаҳар ва туман ҳокимлари вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти билан биргаликда туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини ўз муддатларида амалга ошириш чораларини кўрмоқда. Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, улар томонидан хизматлар турини кенгайтириш мақсадида вилоятнинг ҳар бир ҳудудини имкониятларидан келиб чиқиб, жами 260 та оилавий меҳмон уйини янгидан ташкил этиш режалаштирилган.
ЎзА




