Пекинда Ўзбекистон тасвирий ва халқ амалий санъати кўргазмаси

Пекинда Ўзбекистон тасвирий ва халқ амалий санъати кўргазмаси

 

 vrovroo.jpg

 

Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳридаги Хитой миллий санъат ва ҳунармандчилик музейи – Хитой номоддий маданий мерос музейида Ўзбекистон тасвирий ва халқ амалий санъати кўргазмаси очилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида икки давлат маданият вазирлари ҳамда Ўзбекистон ва Хитой Бадиий академиялари раислари, маданият, санъат соҳаси вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов  ушбу кўргазманинг ташкил этилиши халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик тарихий-маданий мулоқотнинг муҳим босқичи ҳисобланишини таъкидлади.

Пекинда Ўзбекистон санъати кўргазмасининг очилиши кўп асрлар давомида Буюк ипак йўлининг асосий бўғинини ташкил этиб келган Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг бугунги кундаги даражасини кўрсатишга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Хитой санъат академияси, Ўзбекистон республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил қилинган Ўзбекистон тасвирий ва халқ амалий санъати кўргазмасининг  халқ амалий санъат бўлимига бағишланган қисмида кўп асрлик анъаналарга асосланган, замонавий ўзбек ҳунармандларининг нодир санъат асарлари намойиш этилмоқда. Шунингдек кўргазмага Шаҳноз Абдуллаева, Акмал Нур, Файзулло Аҳмадалиев, Иброҳим Валихўжаев, Бахтиёр Маҳкамов ва бошқа кўплаб рассомларимизнинг сўнгги ўн йилда яратган 50 та рангтасвир асари ҳам қўйилган.

ЎзА