Пандемия даврида илк йирик ҳунармандчилик кўргазмаси
Пандемия даврида илк йирик ҳунармандчилик кўргазмаси

Ёшлар ижод саройида Жаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақасининг 38-Бош ассамблеяси доирасида маҳаллий ҳунармандлар виртуал кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбир коронавирус пандемияси даврида ташкил этилган йирик ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши бўлди.
Қадимдан ҳунармандчилик ва амалий санъат ривожланган Ўрта Осиё халқлари, жумладан, ўзбекистонликлар жаҳон халқлари маданияти ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Бугун дунёнинг кўплаб музейларида сақланаётган осори-атиқаларимиз, амалий санъат намуналари кўзимизни қувонтириб, қалбимизда имтихор уйғотади.
Юртимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Ҳозиргача давлатимиз томонидан ҳунармандчиликни ривожлантиришга 100 миллион доллар миқдорида молиявий ресурс ажратилган. Жойларда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос шароити ва анъаналаридан келиб чиқиб, савдо растаси, ҳунармандлар устахоналари ва уларнинг яшаш жойларини ўз ичига олган ҳунармандчилик марказлари барпо этилмоқда. Бу ўша ҳудудга хос анъаналарни тиклаш ва муносиб давом эттиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида "young crafters.uz " номли ёш ҳунармандлар онлайн кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда юртимизнинг барча ҳудудидан 14 ёш ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Ғолиблар Ўзбекистон Республикаси "Ҳунарманд" уюшмасининг сертификати ва пул мукофотлари билан тақдирланди.




