Оролбўйида Маънавият фестивали

Оролбўйида Маънавият фестивали

ukdjrtshsergsergsergefgegf.jpg

Қорақалпоғистон Республикасида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида Маънавият фестивали ўтказилмоқда.

 

Тадбирнинг очилиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М.Хожиматов, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти раиси Б.Хусанов ва бошқалар таъкидлаганидек, тадбирнинг асосий мақсади, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, Давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишдан иборат.

 

Бу давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

 

Анжуман давомида “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг янги аъзоларига махсус гувоҳнома ва кўкрак нишонлари топширилди.

 

Қорақалпоғистон Тиббиёт институти профессор-ўқитувчиларининг адиблар, санъат усталари билан давра суҳбати ташкил этилди. Унда мазкур институт ректори, сенатор О.Атаниязова, Ўзбекистон халқ артистлари М.Раззақова, З.Суюнова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Б.Бобомурод сўзга чиқиб, амалга оширилаётган маънавий-маърифий чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга тўхталди. Учрашувда санъаткорлар ватанни мадҳ этувчи, минг йиллик анъаналаримизни ўзида мужассам этган ўз чиқишларини намойиш этди. Илм-фан намояндалари эришилган натижаларни таҳлил этиб, бугунги ўзгаришлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

fykfyukdjdjhdrtdrhdrtjhsrth.jpg

Нукус шаҳри марказида фестиваль иштирокчилари учун кўргазмалар ташкил этилиб, миллий бахшичилик, мақом ҳамда эстрада хонандалари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди. Унда турли йўналишларда натижаларга эришиб келаётган қобилиятли ёшлар тақдирланди. Миллатлараро дўстлик, тинчликни, она-Ватанни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.