Оилалари ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар
Оилалари ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар

Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан оилаларнинг бахтлилик индекси ишлаб чиқилди.
Мазкур индекс бўйича тадқиқотлар доимий юритилади. 2025 йилда мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида ўтказилган сўровлар ва расмий статистика маълумотлари асосида ҳисобланган индекс мамлакат оилалари ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни, шу билан бирга эътибор қаратиш лозим бўлган соҳаларни ҳам кўрсатиб берди.
Тадқиқот натижаларига кўра, соҳада ижобий динамика кўзга ташланмоқда. Бахтлилик индекси минус 1 дан плюс 1оралиғида ўлчанган бўлиб, Ўзбекистон бўйича умумий кўрсаткичда ижобий динамика кузатилди:
2023 йилда ушбу индекс +0,56 баллни ташкил этган.
2025 йилда эса мазкур индекс +0,611 баллга етган.
Демак, икки йил ичида оилаларнинг умумий бахтлилик индекси +0,051 баллга кўпайган. Бу ўсиш Ўзбекистон оилаларининг аксарияти ҳаётга кўтаринки руҳ ва келажакка ишонч билан қараётганини, қийинчиликларни шукроналик ҳисси билан енгиб ўтаётганини тасдиқлайди.
2025 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон оилаларининг бахтлилик индексида учта асосий индикатор етакчилик қилмоқда. Булар айнан ўзбек халқига хос маънавий қадриятлар билан боғлиқ.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда оила бахтининг асоси мустаҳкам қадриятлар ва самимий муносабатлар бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, ҳаётдан қониқиш ҳисси, инсоннинг иқтисодий фаровонлиги ва меҳнат фаолиятидан қониқиш даражасига бевосита боғлиқ бўлиб бормоқда.
Бу натижалар мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат нақадар тўғри эканлигини тасдиқлайди. Ёш оилаларни уй билан таъминлаш, айниқса хотин-қизларга таълим имтиёзлари бериш, тадбиркорлик фаолияти ва қўшимча даромад олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни давом эттириш ва кучайтириш зарурлигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда.
Аҳолининг маънавий ва ижтимоий капиталини сақлаган ҳолда, иқтисодий фаровонлик даражасини ошириш – Ўзбекистон оилаларининг бахтлилик индексини келгусида янада юқори поғонага кўтаришга ҳисса қўшади.