Нур таратувчи маскан

Нур таратувчи маскан

yekrvekryrkyukpyureoyekoy.jpg

Ислом цивилизацияси марказининг муҳташам биноси ҳали тўлиқ битказилмаса-да, осмон узра бўй чўзаётган бинога ҳамшаҳарларимиз ҳайрат, ҳам ҳавас билан қарайди. Унинг эзгу миссияси, олижаноб мақсад-муддаоси, қутлуғ, ҳам савобли вазифаси ҳозирдан одамлар қалбига нур бағишлаётгандек.

Эски шаҳар – Тошкентнинг асл юраги. Тарих қатидаги сирлар унда мужассам. Бу ердаги не-не тарихий масканлар, табаррук зиёратгоҳлар қадр-қимматининг донғи дунёга кетган. Шунданми, Ҳазрати Имом мажмуасидаги қадимий иншоотлардан хорижликларнинг қадами узилмайди.

Яхши ниятлар билан 2017 йилда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Биз ҳамиша мақтаниб юрадиган, лекин аслида номларинигина санашдан нарига ўтмайдиган аллома боболаримизнинг меросини тўкис ўрганиш, уни халқимиз, айниқса ёшлар ўртасидаги тарғиботи, керак бўлса таълимотини йўлга қўйишдек вазифалар бу марказ зиммасида.

Мустабид тузум даврида халқ кўзидан яшириб келинган, атайин эътиборсиз қолдирилган аждодларимиз, уларнинг фаолияти, илмий, маънавий-маърифий мероси бор. Жаҳон цивилизациясида муносиб ўрни бўлган, Европа уйғониш даврига туртки берган, дунёга нур тарқатган бу меросга айни мустақиллик йилларида жиддий эътибор қаратила бошланди. Халқимиз аслида кимларнинг авлоди экани баралла айтила бошланди. Ислом таълимоти алгебра, астрономия, география, минералшунослик, геодезия, физика, кимё, фалсафа, адабиёт, санъат, архитектура каби фанлар билан уйғунликда сайқал топди.

yknenyukeyukepyukprynryey.jpg

Мутахассисларнинг фикрича, дунё тарихида илк Шарқ Уйғониш даври — Мусулмон Ренессанси, деб ном олган ўрта асрлар ва ундан кейинги замонларда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган. Бу мерос яна шуниси билан қадрлики, у тарихнинг ўта мураккаб, зиддиятларга, синовларга тўлиб тошган оғир даврларида алломаларимизнинг минг заҳмати, маънавий жасорати, фидойилиги, беназир ақлий заковати билан бунёд этилган.

Шу билан бирга, жаҳон тарихида «Амир Темур ва темурийлар ренессанси», деган ном билан алоҳида ўрин эгаллайдиган даврда яратилган илм-фан, маданият ва меъморлик дурдоналарини ислом маданиятининг наинки юртимиздаги, балки бутун мусулмон оламидаги юксалиш даври сифатида кўрсатиш муҳимлигини давлатимиз раҳбари кўп бора айтмоқда. Буларнинг бари табаррук заминимиз Ислом маърифати, илм-фан, нурли тараққиётнинг ростмана, ҳақиқий маркази бўлганини англатмоқда, деб минг бор айтиш, фахрланиш, бу меросга муносиб бўлиш қанчалар шукуҳли, ҳам масъулиятли.

Дунёга марвариддек сочилиб кетган бебаҳо меросни, қимматли манбалар, қўлёзмаларнинг ақалли суратини юртимизга келтириш ғоят машаққатли. Негаки, дунёдаги ҳар қайси музей, илмий марказлар, кутубхоналар ҳам бунга изн беравермайди. Шу билан бирга, ўзимизда мавжуд маърифий меросни, тадқиқотини кутаётган қимматли асарларни, нодир китоб ва қўлёзмаларни ўрганиш янада муҳимдир.

Ташкил этилганига унчалик кўп вақт бўлмаса-да, Ислом цивилизацияси маркази бу борадаги вазифаларни самарали адо этиб келмоқда. Унинг барпо этилаётган муҳташам биноси эса маърифий таълимотни, тарғиботни янада кенг миқёсда, давр руҳига монанд тарзда олиб боришига шубҳа йўқ.

Бугун "Миллий тикланишдан маънавий юксалиш сари", деган ибора кўп қўлланилмоқда. Ҳалитдан одамларнинг ҳайрату ҳавасини тортаётган марказ ёшларга ўзларининг асли наслини теранроқ англашда, қалбини нур, тафаккурини билим ва маърифатга тўлдиришда, жаҳолатдан асрашга, оқни қорадан фарқлай олишга хизмат қилиши аниқ! Айни пайтда бу нурли маскан илмнинг қадрига етувчи жаҳон аҳли учун ҳам мўътабар, ҳам жозибадор даргоҳга айланиши тайин!