“Нур сўзана” маҳсулотлари – дунё бозорида харидоргир

“Нур сўзана” маҳсулотлари – дунё бозорида харидоргир

dfjnssrhtsehrsergsergserghes.jpg

Нурота каштачилик мактабига хос элементлардан бири бу анор тасвири саналади.

Анор – Нурота туманининг бренди, десак ҳам муболаға эмас. Бу бахт-саодат белгиси. Бугунги кунда нуроталик қарийб минг нафар хотин-қиз каштачилик билан шуғулланиб, ойига 2–2,5 миллион сўмгача даромад қилади. Битта уста-ҳунарманд эса шогирдлари билан биргаликда бир ойда 50-60 миллион сўмгача даромадга эга бўлиши мумкин. Аммо бу оддийгина меҳнат эмас.

 

Бу ҳунарманддан катта сабр-тоқат талаб этади. Битта маҳсулот – сўзана ёки каштани тайёрлашга унинг ҳажмига қараб ҳафталаб, ҳатто ойлаб вақт кетиши, биргина маҳсулот устида 5–6 киши ишлаши ҳам мумкин. Бугунги кунда тумандаги “Нур сўзана” миллий каштачилик корхонасида ўттиздан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Аёллар костюми, дастурхон, ёстиқ, кўйлак ва сўзаналар буюртма асосида тикилмоқда.

 

Маҳсулотларнинг барчаси қўл меҳнати билан яратилади. Кашталарга ишлатиладиган иплар ҳам қадимий услубда шу ернинг ўзида тайёрланади. Миллий ҳунармандлик санъатининг фаол тарғиботчиси ҳисобланган, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, “Нур сўзана” оилавий корхонаси раҳбари Гулмира Исломованинг кашталарида нафислик, ўткир ва ёрқин ранглар акс этади, нақшлар хилма-хиллиги кишини тўлқинлантиради.

sthdjstjsergesfgferfsfr.jpg

У ўз меҳнат маҳсулларида миллий каштачилик ва сўзана санъатида ўсимликсимон ҳамда гуллар тасвири туширилган нақш композицияларини кенг қўллайди, анор, аноргул, бодомгул сингари офтоба нақшлар бардавомлигини таъминлашга эътибор қилади. Унинг айтишича, кашталардаги анор, бодом шаклли нақшлар серфарзандлик, бахт, меҳр-муҳаббат, тотувлик маъноларини англатади.

 

“Нур сўзана” корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда эҳтиёж йилдан-йилга ўсиб боряпти. Айниқса, кейинги йилларда табиий буюмларнинг жаҳон бозорида савдоси анча чаққон. Хориждан келаётган сайёҳлар орасидан ҳам айнан шундай бежирим миллий маҳсулотларни сўровчилар кўпаймоқда.

 

Туркияда сайёҳларнинг жаҳон бозори борлиги учун асосан, шу давлатга “Нур сўзана”лари экспорти йўлга қўйилган. Америка, Россия, Арабистон каби мамлакатларга ҳам буюртма маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Хориждан ташриф буюраётган туристларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида корхона филиали очилган. Самарқанд шаҳрида ҳам яна бир дўкон фаолияти йўлга қўйилди. Нурота шаҳридаги устахонадан эса маҳаллий меҳмонлар билан бирга хорижликларнинг ҳам қадами узилмайди. Боиси, кашта тикиш жараёнини жонли кузатишнинг ўзига хос завқи ва гашти бор.

 

ЎзА