Нодир тафаккур маҳсули

Нодир тафаккур маҳсули

vrpvapvapvapvap.jpg

 

      Амир Темур даврига оид шахмат тахтаси ва доналари муляжи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида намойиш этилмоқда. Ушбу экспонат муаллифларидан бири Сардор Маҳмудовнинг қайд этишича, ушбу шахмат орқали Амир Темур давлат ва жамиятни доналар эмас, балки улар ўртасидаги муносабатлар белгилашини рамзий тарзда ифодалаган.

      Инсоният тафаккури яратган энг нозик ва мураккаб ақлий ўйинлардан бири бўлган шахмат ўзининг чуқур фалсафаси, стратегик моҳияти ва юксак интеллектуал қиймати билан минг йиллар давомида турли цивилизациялар ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб келган. Тарихий манбаларга кўра, шахматнинг илк кўриниши бўлган “чатуранг” ўйини беш минг йил аввал Ҳинд заминида пайдо бўлиб, ҳарбий тузилманинг тўрт асосий қисмини ифода этган. Бу ҳолатнинг ўзиёқ шахматнинг тасодифий ўйин эмас, балки ҳарбий тафаккур, стратегия ва давлат бошқаруви билан узвий боғлиқ эканини кўрсатади. Вақт ўтиши билан “чатуранг” Эрон орқали араб оламига кириб, “шатранж” номи билан кенг тарқалди. Араб халифалиги даврида шахмат ёзма анъанага солиниб, қоидалари тизимлаштирилди ва айнан шу жараён туфайли шахмат тарихига оид қимматли манбалар бизгача етиб келди.

      Амир Темур даврида шаклланган шахмат тахтаси ва доналари реал ҳаётнинг ихчам, аммо чуқур маънога эга тимсоли бўлиб, унда давлат, жамият ва инсон ўртасидаги мувозанат мужассам этилган.

      Айниқса, Амир Темур учун махсус ясатилган шахматлар ўзининг рамзий тузилиши билан ажралиб турган. Амир Темур шахматининг энг муҳим хусусияти — унинг уч қаторли (уч поғонали) концептуал тузилишидир. Бу тузилиш шунчаки техник жойлашув эмас, балки шарқона тафаккурга хос учлик фалсафасига асосланган. Шахмат тахтасидаги ҳар бир томон уч асосий қатламни ифодалаган бўлиб, улар бир-бирини тўлдирувчи ва мувозанатда ушлаб турувчи тизим сифатида талқин этилган.