Навоийнинг “Терма девони”
Навоийнинг “Терма девони”
Алишер Навоий шеърлари жамланган ўндан ортиқ қўлёзма унинг ҳаётлиги даврида кўчирилган бўлиб, бугунги кунимизгача етиб келган. Ўшандан бери салкам беш ярим аср вақт ўтган бўлса ҳам Алишер Навоий девонларининг қўлёзмасини излаш ва топиш давом этмоқда.
Яқинда Алишер Навоий девонининг яна бир қўлёзмаси ва унинг таркиби аниқланди. Навоийнинг 1501 йили май ойида кўчирилиши тугалланган “Терма девони” қўлёзмаси фотонусхаси олинди. У яшаган даврга яқин бўлган ушбу қўлёзма таркибининг аниқланиши, мутафаккир адибимиз ижодий лабораториясини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, Алишер Навоий 1501 йил 3 январда дунёдан кўз юмган. Қўлёзма шундан тўрт ой ўтганидан сўнг 1501 йил май ойи охирида кўчириб тугалланган. Ундан Навоийнинг 127 ғазали ва 3 рубоийси ўрин олган. Мазкур мажмуа Алишер Навоийнинг 1498 йил тартиби берилиши якунланган тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний” тўпламидан сўнг тузилганлиги ва анча кичик ҳажмга эгалиги сабаб уни шартли тарзда “Навоийнинг 1501 йилги “Терма девон”и деб аташ мумкин.
Навоийнинг янги қўлёзмаси шоир ижоди ҳақида янги фикрларга етаклайди.




