“Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси

“Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси

vapvapvapvap.jpg 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг июнь ойида Хоразмга ташрифи чоғида, Хоразмда 2024 йилдан бошлаб “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси амалга оширилишини айтган эди. Бу тизим “мактаб – олийгоҳ – IТ компанияси”дан иборат яхлит IТ таълим ва хизматлар занжирини яратиши билан ўзига хосдир.

Ташаббус доирасида, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2023 йилнинг 4-чорагидан бошлаб, вилоятда “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган эди. 

“Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси кадрлар тайёрлашнинг ноёб дастури бўлиб, бу орқали юқори синф ўқувчиларини ҳеч қандай ўқув марказлари ва олий таълим дипломисиз ҳам халқаро IТ бозорига тайёр мутахассис қилиб чиқариш мақсад қилинган. 

Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳада дастлаб Хоразмнинг 13 та туманидаги мактабларда ўқувчилар ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Қизиқиш билдирган 3 минг нафардан зиёд 7-10-синф ўқувчилари орасидан танқидий ва мантиқий фикрлаш, муаммоли вазиятларни таҳлил қилиш ва ечим топиш каби йўналишдаги тестлардан муваффақиятли ўтган 1 минг  200 нафар ўқувчи саралаб олинди. 2024 йил мобайнида Хоразмда 4 минг 200 нафар ўқувчини қамраб олган 320 та махсус IТ-гуруҳлар ташкил этилади. Лойиҳа қатнашчилари мактабни битиргунларига қадар дарсдан ташқари вақтда малакали менторлардан дастурлаш соҳалари ва инглиз тилини бепул ўрганади. 

“Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси вилоятнинг ҳар бир туман марказида қурилган Рақамли технологиялар ўқув марказларида ташкил этилади. Бунинг учун танлов асосида дастурчилик ва хорижий тиллардан маҳоратли 50 нафар менторлар саралаб олинган. 

Хоразм вилояти республикамиз ҳудудлари орасида рақамлаштириш бўйича етакчилардан саналади. Ҳудудда хорижга IТ-хизматлар экспорт қилувчи 43 та IТ-парк резидентлари мавжуд бўлса, уларда фаолият олиб борувчилар сони 400 нафардан ошади. Вилоятдаги IТ-экспортёр корхоналар томонидан 2023 йил мобайнида IТ хизматлар экспорти 4 баробарга ортиб, 1,5 млн. АҚШ доллари миқдорини ташкил қилган. Бу рақамларнинг тезкор ўсиб бораётгани ўз навбатида, кейинги йилларда соҳага кадрларга бўлган юқори эҳтиёжни келтириб чиқаради. 

Шуларни ҳисобга олиб, “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасида ўқувлар ҳудуддаги IТ компаниялар билан ҳамкорликда, меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўқувчиларда амалий кўникмаларни ривожлантириш кўзда тутилган. Хусусан, дастурчилик билимлари билан биргаликда, ўқувчиларда лойиҳаларни амалга ошириш, жамоада ишлаш, таклиф ва ғояларни тақдим қила олиш, ижодий фикрлаш каби шахсий ривожланиш кўникмаларини шакллантиришга диққат қаратилади. Битирувчилар ахборот технологиялари ва хорижий тиллар бўйича халқаро сертификат олиш даражасида тайёрланади ҳамда халқаро IТ бозорига йўналтирилади. 

ЎзА