Молия ва рақамли технологиялар соҳасидаги янги ташаббуслар тақдимоти

Молия ва рақамли технологиялар соҳасидаги янги ташаббуслар тақдимоти

 

rbmtbmbitbitbitbitbitb.jpg

      Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда банк тизимида исломий молия механизмларини жорий қилиш бўйича тақдимот билан танишди.

Жаҳондаги геосиёсий кескинлашув шароитида инвестицияларни жалб қилиш учун рақобат тобора кучайиб бормоқда. Юртимизнинг бой табиий ресурслари, иқтисодий салоҳияти ва ислоҳотлари эса бу борада катта устунлик яратмоқда.

       – Кўплаб халқаро компаниялар минтақавий хавф-хатарларни баҳолаб, янги бозорларни ўрганишни бошлаган. Бу биз учун тарихий имконият. Шу вазиятда фурсатни бой бермасдан, халқаро молия компанияларини ўзимизга тезроқ жалб қилишимиз шарт, – деди Президентимиз.

       Жорий йилда 50 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб қилиш мақсадига эришиш учун инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига киришини енгиллаштириш, уларга замонавий инфратузилма, халқаро стандартларга мос ҳуқуқий режим, қўшимча қулайликлар ва энг муҳими, ишончли ҳамда шаффоф бизнес муҳитини таъминлаш зарур.

       Тақдимотда мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга қаратилган учта устувор йўналиш – халқаро молия ва рақамли технологиялар марказларини ташкил этиш ҳамда исломий молия хизматларини жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача молия маркази иқтисодиётга қўшимча 20-25 миллиард доллар жалб қилиш, ялпи ички маҳсулот ўсишига ҳар йили қўшимча 1 фоизгача ҳисса қўшиш, 15 мингтагача янги юқори малакали иш ўрни яратиш, 10 минг нафар мутахассис малакасини оширишга хизмат қилиши мумкин. Иккинчи йўналиш – “Enterprise Uzbekistan” бренди остида Рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этиш ва ривожлантириш.

       Тақдимотда мазкур марказ учун 2100 йилга қадар амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим назарда тутилгани маълум қилинди. 2030 йилгача мазкур марказ орқали 1 мингтагача компанияни жалб қилиш, 300 мингдан зиёд иш ўрни яратиш ва 5 миллиард долларлик экспорт салоҳиятига чиқиш мақсади белгилангани айтилди. Бир қатор йирик халқаро технологик компаниялар ушбу ташаббусга қизиқиш билдиргани қайд этилди.

       Учинчи йўналиш сифатида мамлакатимизда исломий молия хизматларини жорий қилиш масаласи кўриб чиқилди. Юртимизда товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш – муробаҳа, фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини жалб этиш – музораба, вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки жалб этиш – вакала, товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали молиялаштириш – салам ва истисно, биргаликдаги фаолият орқали мижозни молиялаштириш – мушорака, мол-мулкни исломий ижарага бериш каби операциялар, шунингдек, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа исломий молия инструментларини жорий қилиш назарда тутилмоқда.

       Бунда сотилган товар устамасига қўшилган қиймат солиғи ҳисобланмаслиги, инвестициявий омонатдан олинган даромад солиқдан озод қилиниши, исломий ижара шартномалари молиявий ижара ва лизингга тенглаштирилиши белгиланмоқда.

      Соҳада тизимли бошқарувни таъминлаш мақсадида Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилади. Шунингдек, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларда ҳам алоҳида кенгашлар тузилади.

      Давлатимиз раҳбари мазкур уч йўналиш мамлакатимизда замонавий молиявий ва технологик экотизимни шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлаб, уларни амалиётга татбиқ этиш ишларини жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берди.