Мир Араб мадрасасининг 500 йиллиги ҳамда Тошкент ислом институтининг 50 йиллигига бағишланган халқаро анжуманига тайёргарлик
Мир Араб мадрасасининг 500 йиллиги ҳамда Тошкент ислом институтининг 50 йиллигига бағишланган халқаро анжуманига тайёргарлик

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларининг ўқув-услубий, илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Илмий-услубий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Илмий-услубий кенгашининг мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари раҳбарлари, олимлар, соҳа вакиллари ва мутахассислар иштирок этди.
Мажлисда Мир Араб мадрасасининг 500 йиллиги ҳамда Тошкент ислом институтининг 50 йиллигига бағишланган халқаро форумга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури муҳокама этилди.
Мир Араб мадрасасининг биносини милодий 1530–1536 йиллари шайх Мир Араб қурдирган. 1997 йилда Бухоронинг 2500 йиллиги байрами арафасида Мир Араб мадрасасининг бош фасади, олдинги қисми уста Қурбон Абдуалиев томонидан таъмирланган.

Тошкент ислом институти 1971 йил 1 октябрдан фаолият кўрсата бошлаган.
Институт олий маълумотли исломий мутахассислар, имом-хатиблар, одобнома бўйича ва араб тили мударрислари тайёрлайди.

Институт ташкил топган йилларда бор-йўғи йигирма талаба ўқиган бўлса, ҳозир икки юздан зиёд илм толиблари таҳсил кўришяпти. Институтда дин асослари, Ислом ҳуқуқшунослиги ва тарих факултетлари, шунингдек, диний фанлар, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар кафедралари ишлаб турибди. Хотин-қизлар Ислом билим юртлари учун малакали мударрисалар тайёрлаш мақсадида аёллар гуруҳи ҳам очилган.
Ўтган йиллар мобайнида собиқ Иттифоқдаги ягона бу диний олий ўқув юртида Марказий Осиё ва Қозоғистондан ташқари Шимолий Кавказ, Россия, Озарбайжон, Татаристон, Афғонистон, Яман, Ветьнам, Булғорийа каби юртларнинг талабалари ҳам илм олишган.




