Мир Араб мадрасаси
Мир Араб мадрасаси

Бухоро шаҳридаги энг кўҳна ёдгорликлардан бири Мир Араб мадрасасидир. Ушбу мадраса Марказий Осиёда узоқ вақт зиё тарқатиш билан машғул бўлган илм даргоҳидир. Мир Араб мадрасаси шонли тарихининг янги давридан ҳозирги кунгача мингдан ортиқ малакали диний ходимлар, жуда кўплаб муфтийлар, уламолар ва бугунги кунда фаолият юритаётган имом-хатиблар таълим олганлар. Бу илм масканидан қўшни республикаларнинг Ислом дини ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшган кўплаб машҳур уламолар етишиб чиққан.
Қадимдан Бухоро ўзининг кўплаб мадрасалари билан ном таратган. У турли ерлардан илм таҳсили учун талабалар ташриф буюрадиган шаҳар ҳисобланган. Наршахийнинг фикрича, 937 йилги ёнғиндан зарар кўрган “Форжак” мадрасаси Марказий Осиёдаги дастлабки мадрасалардан саналган. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ҳам Бухорода илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солган. Ўрта асрларда Бухоро мадрасалари илм маскани сифатида нафақат Марказий Осиёда, балки Шарқда ҳам машҳур эди. Амир Темур ва темурийлар даврида мадрасалар олий маълумот берувчи марказ вазифасини ўтаган.
Муҳаммад Али Балжувонийнинг маълумотига кўра, XX асрнинг бошларига келиб, Бухорода мадрасалар сони 400 га яқин бўлган. Мадрасалар асосан хон, амалдор, бадавлат кишилар ва зиёли шахсларнинг ташаббуси билан барпо этилиб, номи ўша шахслар исми, баъзан мадраса жойлашган маҳалла, гузар номи билан аталган.
Шундай мадрасалардан бири Мири Араб мадрасаси ҳисобланиб, уни 1530-1536 йилларда Бухоро хони, мумтоз шоир Убайдуллахон (1510-1539/40 йилларда ҳукмронлик қилган) инъом этган маблағ ҳамда кўплаб вақф мулклари ҳисобига Шайх Абдуллоҳ (Мири Араб) қурдирган. Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида сақланаётган И-323-жамғармадаги вақф ҳужжатида ҳам 1527 йил мадраса учун ажратилган кўп сонли деҳқончилик ер майдонлари, бутун қишлоқлар ва бошқа мол-мулклар бирма-бир санаб берилган.
Мир Араб мадрасасини бутун оламга машҳур қилган нарса ҳеч муболағасиз айтишимиз мумкинки, мадрасадан етишиб чиққан забардаст алламолар ва улар мерос қолдирган буюк асарлардир. Бу мадрасада турли даврларда олимлар, мударрислар таьлим бериб келдилар. Масалан, яқин асрларда бу мадрасада Аҳмад Дониш, Садриддин Айний, муфтий Эшон Бобохоннинг устозлари Миён Бузрук ҳам шу ерда таҳсил олиб, кейин мударрислик қилганлар.
Ҳозирги кунга келиб Мири Араб мадрасасида 3 йил давомида диний фанлар билан бир қаторда умумтаълим фанлари ҳам ўқитилади. Билим юртида 25 нафар маълумоти олий ва малакали ўқитувчи-мударрислар 130 га яқин талабаларга дарс бериб келмоқдалар. Мадрасада талабаларнинг илм олиш ва яшашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Билим юрти талабалари компьютер хонаси, фан кабинетлари ва мадраса кутубхонасида сақланаётган қадимий бой маданий ва маънавий меросимиз ҳисобланган қўлёзма ва тошбосма китоблардан фойдаланадилар. Узоқ туман ва бошқа вилоятлардан келган талабалар ётоқхона билан таъминланган.
Мадрасани битирганларга исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиси мутахассислиги бўйича шаҳодатнома берилади.




