Миллий тасвирий санъатнинг энг йирик маркази
Миллий тасвирий санъатнинг энг йирик маркази
Ўзбекистон Бадиий академияси миллий тасвирий санъатимизнинг энг йирик маркази ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 23 январдаги фармони билан ташкил этилган академия тасвирий санъат соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, ижодкорлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга даъват этилган.
Миллий тасвирий санъатимизнинг бу маркази фаолиятини такомиллаштиришда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 августдаги “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора- тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бадиий академия томонидан Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси, Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали, Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси, “Тошкент қувончлари” халқаро болалар расмлари биенналеси ўтказиб келинмоқда.
Бадиий академияда рассомчилик устахонаси иш бошлаган. Бу ерда тасвирий санъатнинг мольберт, графика, монументал рангтасвир, миниатюра, ҳайкалтарошлик каби йўналишлари бўйича таълим берилади. Шунингдек академия ҳузурида Санъат таълими бўйича педагог ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази иш бошлади.
Бадиий таълим йўналишида Бадиий академия дунёнинг 20 га яқин давлатлари таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик қиляпти. МДҲ мамлакатларидан ташқари, Хитой Халқ Республикаси, Япония, Малайзия, Таиланд, Жанубий Корея, Сингапур, Ҳиндистон каби давлатлар таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатувчи англашув меморандумлари имзоланди. Талабаларимиз мазкур меморандумлар асосида хорижда таълим олиш имкониятига эга бўлди.
Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини халқаро даражада оммалаштириш мақсадида Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳузурида тасвирий ва амалий санъат асарлари савдосига ихтисослашган бадиий галерея ва арт-резиденциялар ташкил этилиши назарда тутилган.




