Меҳр-мурувват – халқимизга хос азалий фазилат

Меҳр-мурувват – халқимизга хос

азалий фазилат

dxtyjdtyjthdtrhjdjdtrjdrthr.jpg

         Азал-азалдан ота-боболаримиз фарзандларини мурувватли қилиб тарбиялаш, уларда меҳр-оқибат тушунчаларини шакллантиришга алоҳида эътибор берган. Оғзаки ва ёзма адабиётимизнинг энг қадимдан бугунгача бўлган намуналарида ҳам инсониятнинг меҳр-саховати алоҳида улуғланади. Айниқса, буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг ноёб асарларида  юқоридаги фазилатлар кенг тарғиб этилган.

Албатта, хайр ва саховат инсонни улуғлаб, ҳар икки дунёда ажру савобга сазовор этиши ҳақида алломаларимиз таъкидлаб ўтадилар. Муқаддас ислом динида ҳам мўминнинг энг улуғ сифатларидан бири хайр ва саховат эканига ишора қилинади.

Аждодларимиз асрлар мобайнида ушбу бепоён минтақада ҳамжиҳат, инсоний қадриятлар асосида яшаб келган. Таъбир жоиз бўлса, бугун ҳам табиатнинг ўзи халқимизни айнан шундай ҳаёт кечиришга чорлаётганини таъкидлаш жоиз. Зеро, жамиятдаги ҳар қандай қийинчиликлар халқнинг матонати, сабру бардоши, ҳамжиҳатлигини синовдан ўтказади.

Бугун биз тарихий даврнинг янги босқичи — халқимиз ўз олдига эзгу мақсадлар қўйиб, ўз куч ва имкониятларига таянган ҳолда, оғир ва синовли кунларда ҳам ҳамжиҳатлик билан яна тараққиёт сари одимлаб бораётган паллада яшаяпмиз.

Тинч-хотиржам ҳаётимиз, фаровон кунларимизнинг шукрини айтиб, энг аввало, ҳушёр бўлишимиз, осойишталигимизни кўра олмаётган турли ғаразли кучлар, нопок тоифаларнинг найрангларига муносиб жавоб беришимиз лозимлигини айни воқеликлар кўрсатиб турибди. Турли ҳийлаалдовлар исканжасида оиласи, яқинлари, тинчлигидан ажралганлар қисматига назар солсак, бу кунларимизнинг ўзи бахт эканини теранроқ англаб етамиз.

Шукроналик фақатгина қувонч олиб келади. Омадли инсонларнинг сири ҳам мана шунда. Улар ҳар куни борию йўғи учун шукр қилади. Гап шукроналик ҳақида борар экан, хўш, унинг ўзи нима, деган саволнинг жавобини таҳлил қилсак, айни муддао бўлар эди.

“Шукрона” сўзи арабча бўлиб, миннатдорлик, ташаккур, раҳмат айтиш, қаноат ва мамнунлик, шукр қилиш маъноларида келади. Шу сабабли миллий маънавиятимиз салоҳиятини акс эттирувчи ва унинг ажралмас бўлаги бўлмиш табиат, уни асраш маданияти, билимлар, анъаналар, тажрибалар, меросларимизни чуқур англаб, улардан олдимиздаги долзарб муаммоларни ҳал этишда оқилона фойдаланишимиз зарур. Зеро, бу келажак авлодга озод ва обод Ватан, мусаффо табиат, ноёб табиий бойликларни аслидек қолдиришимизда дастуриламал бўлиши, шубҳасиз.

Шу маънода, миллий маънавиятимизнинг серқирра ва теран илдизларига таянган ҳолда, мафкуравий тарбия йўналишларини ишлаб чиқишда мафкура, таълим ва тарбиянинг ўзаро уйғунлигига эришиш лозим. Бу борада фаолият кўламини тобора кенгайтириб бораётган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати асосий куч сифатида хизмат қилади. Мазкур ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари халқимизнинг асрлар оша синовлардан ўтган эзгу қадриятлари билан ҳамоҳангдир. Зеро, етим-есир, бева-бечора, ногиронлар, мусофирларга мурувват кўрсатиш, сидқидилдан беғараз ёрдам бериш каби фазилатлар қон-қонимизга сингиб кетган. Донолар айтганидек, ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади. Сахийлик эзгуликни юксалтирувчи, демакки, дўстларнинг кўпайишига имкон яратувчи хусусият бўлиб, инсон учун саховатдан яхшироқ ва азизроқ ёқимли сифатни инсоният маънавий луғатидан топиш амри маҳол.

Мумтоз адибларимиздан бирида бундай байт келади: “Кимда гар сахийлик одати йўқдир, Яхшилик кутмоқнинг ҳожати йўқдир”. Бир ҳакимдан “Кишининг барча ҳунарларини йўққа чиқарадиган нарса нима?” деб сўрадилар. У эса “Бахиллик”, деб жавоб берди. Яна ундан “Кишининг барча айбларини беркитадиган нарса нима?” деб сўрадилар. У эса “Сахийлик”, дея жавоб қайтарди.

Одатда сахийликни кўпроқ бадавлат одамлардан кутамиз. Аслида ҳар биримиз имконият даражасида саховат кўрсатишимиз инсоний бурчимиздир. Қолаверса, саховатнинг кўп ёки ози бўлмайди. Бойнинг юз минг пули билан камбағал берган бир мингнинг савоби бир хил бўлиши мумкин. Чунки иккиси ҳам имконига қараб эҳсон қилади. Унинг савоби эса ихлос-эътиқодга боғлиқ. Банданинг ризқига барака кириши, зиён-заҳматлардан омонда бўлиши, ризқи ва умрининг зиёдалигида ҳам саховатнинг ўрни беқиёслиги шундан. Сахий одамнинг дастурхони дарвозаси каби доим очиқ бўлади. Чунки саховат фаришталари ризқу насибани бу хонадонга доимий ташиб тургани боис, дарвозани ҳам, дастурхонни ҳам ёпиш имкони бўлмайди. Шундай экан, қалбимизда сахийликни юксалтириб бориш ғоят муҳим.

Яқиндагина юртимизда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди. Бу жамғарма фақатгина пандемия шароитида амал қилмай, давомий фаолият олиб борса, кам таъминланган ва муҳтож оилаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам пойдевори яратилади. Бу, бир томондан, миллий қиёфамизни белгиласа, иккинчи томондан, ўсиб келаётган ёш авлодни қадриятларимизга содиқлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Бугун эса характеримиздаги бағрикенглик бутун жаҳон, шунингдек, Марказий Осиё минтақаси учун ҳам бундай таҳдидли вазиятда яна бир карра намоён бўлди. Йигирманчи асрда яшаб ўтган машҳур қозоқ оқини Абай Қўнонбоев халқимизнинг бунёдкорлиги ва бағрикенглигига урғу бериб: “Ўзбек халқи шундай халқки, у кўчада кетаётиб, йўлида бир чўпни учратса, унга бефарқ бўлмасдан, эгилиб, қўлига олади, уйига олиб бориб, агар у қуриган бўлса, ишлов бериб, рўзғор асбобига айлантиради, агар у ҳали ҳўл бўлса, томорқасининг бир четига экиб, парваришлаб мевасини олади. Мевасини териб олганда ҳам бир ўзи эмас, қўниқўшниларни чорлаб, биргаликда баҳам кўради, ўзбек халқи ана шундай халқ”, деган эди. Машҳур оқин эътирофи бугунги вазиятда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Синовли кунларда ҳеч ким меҳрэътибордан четда қолмаётгани бунинг ёрқин исботидир.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда тожли вирус таҳдиди инсоният олдида турган жиддий хавфлардан биридир. Уни бартараф қилишнинг энг мақбул йўли ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, саховат ва савобли ишларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Айниқса, бугунги синовли даврда кўрсатилган саховатнинг савоби юксак ҳисобланиб, ҳатто муқаддас Каъбани зиёрат қилганчалик савоб ёзилар экан. Бундай савобдан баҳраманд бўлиш ҳар биримизга насиб этсин!

Насриддин НАЗАРОВ,

фалсафа фанлари доктори, профессор, 

Низомиддин БЕРДАЛИЕВ,

сиёсий фанлар номзоди, доцент