Машҳур фақиҳ ва таниқли олим
Машҳур фақиҳ ва таниқли олим

Фарғонанинг Риштон шаҳрида 1123 йилда туғилган Бурҳонуддин Марғиноний ўзининг асарлари билан мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган машҳур фақиҳ ва таниқли олимдир.
Бурҳонуддин Марғиноний Марғилон, Бухоро, Самарқанд ва Мавроуннаҳрнинг бошқа шаҳарларида бошланғич диний таълимни олди. Унинг биринчи устози, болалик давридан катта меҳр ва муҳаббат билан тарбия қилган, юксак билим соҳиби, отаси Абу Бакр ибн Абдулжалил ибн Халил эди. Ёш Али бир вақтнинг ўзида таниқли олимлардан ҳам дарс олди. Араб тилини чуқур ўрганиб, Қуръони каримни ёд олди. Кейинчалик, фиқҳга қизиқиши уйғониб, ҳаётининг асосий қисмини шу илмга бағишлади. Саъйи ҳаракатлари самараси улароқ у мусулмон дунёсига ноёб асарлар тақдим қилиб “Шайхул Ислом” ва “Имом” номлари билан танилди.
Марғиноний “Фиқҳ” йўналиши бўйича “Бидаятул Мубтадий”, “Кифаятул мунтаҳий”, “Нашрул мазҳаб” , “Китабул мазид”, “Маносикул ҳаж”, “Мазид фи фуруъул ҳанафий”, “Китабул тажнис вал мазид” каби китоблар таълиф этди. Олим ўз устозларига ҳурмати ва миннатдорчилигини намоён этиб 40 тадан зиёд уламоларга бағишланган “Шайхлар ҳақида китоб” ни ёзди.
Бурҳониддин Марғиноний 13 йил давомида ёзган энг машҳур асари “Бидаятул мубтади”нинг бошида: “Ёшлигимда барча масалаларни ўзида қамраб олган фиқҳий тўпламни қўлга киритишни орзу қилардим. Бир сафар Ироқда бўлганимда, “Мухтасарул Қудурий” (Абулҳасан ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Қудурий) фиқҳига бағишланган ноёб асарга эга бўлдим. Илгари мен ўша даврнинг машҳур олими Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “Жомеъус сағир” фиқҳий китобига қизиқиб қолгандим. Кейин мен бу икки асарни бирлаштириб “Бидаятул мубтадий” деб номланган асарни яратмоқчи бўлдим”. Имом бу китобга шарҳ ёзиб, 8 та жилддан иборат “Кифоятул мунтаҳий”ни ёзиб тугатди. Кейинчалик, Самарқандда 1178 йилда 57 та китобдан ташкил топган ва бўлимларга ажратилган 4 жилдли “Ҳидоя” асарини яратди.

Ўрта аср Шарқининг буюк фақиҳи “Ҳидоя”сининг ҳар бир китобини ислом қонунчилигининг маълум бир соҳаси тавсифига бағишлаган. Олим, маълум бир ҳуқуқий меъйёрни қўллаб-қувватлайдиган манбаа сифатида Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобалар ва бошқа фақиҳларнинг, жумладан мавроуннаҳрлик сафдошларидан далиллар келтиради.
Бу ноёб ҳуқуқий қонунлар аждодимиз вафот этганидан кейин ҳам минг йил давомида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бурҳониддин Марғинонийнинг бу асари, асосан, юртимизда, кейинроқ эса Шарқ ва Ғарбда кенг тарқалган. Форс, инглиз, рус ва бошқа тилларга таржима қилиниб, Ислом фиқҳи бўйича кўплаб китобларнинг вужудга келишида манба бўлиб хизмат қилди.
Мазкур асарнинг қўлда ёзилган нусхалари ҳозирги пайтда жаҳоннинг кўплаб илмий фондларида сақланмоқда. Бу асар ўша давр ҳуқуқшунослиги ва бой тарихга эга бўлган илмий меросимизни ўрганиш учун маълумотнома вазифасини ўтайди.
Ҳозирги Марғилон шаҳрида имомнинг рамзий мақбара ёдгорлиги бунёд этилган.
Бурҳонуддин Марғинонийнинг ҳаёти ва ижодига Ўзбекистонда алоҳида эътибор қаратилган. Унинг асарлари, улар ичида кўтарилган масалаларнинг аҳамияти ва мавзуларини юристлар, шарқшунослар, тарихчилар, филологлар ва ёзувчилар ўрганмоқдалар.




