Марказий Осиё олималари илмий анжумани
Марказий Осиё олималари илмий анжумани

Пойтахтимизда Марказий Осиё олималари илмий конференцияси – "SheSCIENCE – 2026" халқаро илмий анжумани бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли анжуманда мамлакатимиз хотин-қизларининг илм-фанда тутган ўрни ва аҳамиятига бағишланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг таълим олишдаги имкониятларини ошириш вазифалари мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Дунёда глобаллашув жараёнлари кучайиб бораётган, тинчлик ва барқарорликка таҳдидлар пайдо бўлаётган зиддиятли даврда инсоний қадриятлар, сиёсий барқарорлик ва тараққиётга ҳисса қўшишда хотин-қизларнинг ўрни аҳамиятли.
"Янги Ўзбекистон - маърифатпарвар давлат" тамойили бўйича белгиланган вазифалар жамиятимизни янги босқичга кўтариш, илм-фан соҳасида имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилувчи омилдир. Мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга. Маърифатпарвар боболаримиз “Аёл юксалса, юксалур башарият”, деб айтиб ўтганлар.
Президентимизнинг “Аёлларга илм бериш – жамиятни илмли, маърифатли ва салоҳиятли қилиш”, деган ғоялари ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 262 минг нафар хотин-қизнинг IT-саводхонлиги оширилгани бунинг ёрқин мисолидир. “InnoWomenWeek” ҳафталиклари, “Ихтирочи аёллар”, “Фан ва техника тараққиётида хотин-қизлар” каби халқаро форумларда ўзбек аёлларининг инновацион стартаплари, сунъий интеллект ва илм-фан соҳасидаги лойиҳалари жаҳон миқёсида эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди. Хотин-қизларнинг олий таълим билан қамрови 54 фоизга етди. Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларга алоҳида давлат томонидан ёрдамлар ажратилиб, давлат гранти икки баробарга, олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун квота беш баробарга оширилди.
Аёллар учун фоизсиз таълим кредитлари жорий этилиб, магистратурада таълим олиш тўловлари давлат бюджети ҳисобидан, қайтариш шартисиз қоплаб берилмоқда.
Пировард натижада, олий таълимдаги талабалар орасида хотин-қизларнинг улуши қарийб 54 фоизни, магистратурада 65 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда.