Марказ тақдимоти

Марказ тақдимоти

sthshsargarfgawefawefgearg.jpg

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги “Олтинсой” МФЙ ҳудудида жойлашган янги кутубхонада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Олмазор тумани маҳаллалари аҳолиси ва уюшмаган ёшлари вакиллари иштирок этди.

 

Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров йиғилганларга марказ фаолияти ва унинг келгусидаги режалари ҳақида батафсил маълумот берди. У Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бевосита Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан бароп этилаётганлигини таъкидлади.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Тошкентнинг машҳур Хастимом мажмуаси ҳудудидаги 7 гектарлик майдонда барпо этилмоқда. Узунлиги 161 метр, эни эса 116 метрни ташкил этадиган мазкур марказ биноси уч қаватдан иборат бўлади. Бинонинг марказий гумбазининг баландлиги 66 метрни ташкил этади.

 

Марказнинг музейида  ислом дини билан боғлиқ меросимиз энг замонавий технологиялар асосида намойиш этилади. Уқарийб 16 000 квадрат метр кўргазма залига эга бўлади. Музейнинг марказий залида 42 метрлик гумбаз остида ислом оламининг ноёб хазинаси бўлган VII асрга оид Усмон мусҳафи ўрин олади.

 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва ислом дини билан боғлиқ бошқа халқаро ва академик ташкилотларнинг йирик тадбирларини ўтказишга мўлжалланган 550 кишилик конференциялар зали ҳам Марказ биносидан ўрин олади.

 

Марказ фаолиятининг асосий мақсади ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни тнсонпарварлик ғоялари, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдан иборатдир.