Маърифатпарвар аждодимиз жасорати
Маърифатпарвар аждодимиз жасорати

Жадидчилик ҳаракати намоёндаларидан бири – улуғ аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий халқ тақдири, фаровон ҳаёти ҳамда юрт тараққиёти учун мураккаб тарихий даврда жаҳолатга қарши маърифат, янгича дунёқараш билан курашган. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий публицистикаси ва жадид матбуотида ижтимоий-сиёсий масалаларнинг ёритилиши” мавзусида халқаро илмий-амалий конференциясида бу ҳҳақда алоҳида таъкидланди.
Маърифатпарвар бобомиз шахси ҳақида, унинг халқ ва миллати учун қилган беқиёс хизмати ҳақида шунчаки гапириб бўлмайди. Боиси, унинг ниҳоятда мураккаб даврда кечган машаққатли ҳаёт йўли, сиёсий, илмий, ижодий фаолияти ниҳоятда кенг, сермазмун ва серқиррадир. Шунинг учун Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси адабиёт, тилшунослик, диншунослик, сиёсат, тарих, фалсафа, география каби қатор фанлар доирасида ўрганилган. Миллий ва хориж илм-фанида жуда кўп тадқиқотлар яратилган. Табиийки, матбуот, журналистика соҳаси ҳам мустасно эмас. Чунки Беҳбудий миллий мустақиллик учун қилган барча ҳаракатларини матбуот орқали амалга оширган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Самарқанд” газетаси ва илк миллий журнал “Ойина”га асос солди. 1906 йилда “Русия мусулмонлари иттифоқи”нинг Нижний Новгородда ўтказилган қурултойида ўзбек зиёлиларидан биринчи бўлиб иштирок этган ва нутқ сўзлаган. Мухторият шўролар томонидан бостирилгач, Беҳбудий 1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида Шаҳрисабзда инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олиниб, Қаршида зиндонга ташланади ва қатл этилади.
Маккор тузум миллий матбуотимиз асосчиси, бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийни жисмоний маҳв этгани билан маънавий йўқ қила олмади.




