Маърифат ва диний бағрикенглик инсониятнинг азалий қадрияти
Маърифат ва диний бағрикенглик инсониятнинг азалий қадрияти

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида диний бағрикенгликни таъминлаш ва экстремизмга қарши курашишга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари иштирок этди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўгалиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласига бағишлангани мазкур масала давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканидан далолат.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитида яшамоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, манфаатларини таъминлаш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаши, анъана ва қадриятларини ҳурмат қилиш, ривожлантириши учун барча зарур шароитлар яратиб берилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди. Мазкур ташаббус дунёда тинчлик-осойишталикни сақлаш, диний бағрикенгликни таъминлашда нақадар катта аҳамиятга эга экани бугунги мураккаб даврда яққол намоён бўлмоқда.
Бу тарихий воқеа Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳонда тан олинаётганидан, юртимизнинг ушбу масалада бой тарих ва тажрибага эга эканидан далолат беради.
Кейинги тўрт йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Тасаввуф, Фиқҳ, Ақида мактаблари ташкил этилгани соҳага қаратилаётган эътибор юқори эканини кўрсатиб турибди.
Давра суҳбатида мазкур тадбир Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари чет элдаги юртимиз фуқароларига диний бағрикенглик, экстремизмга қарши курашиш бўйича тавсиялар беришида аниқ кўникмаларни шакллантиришда муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистон – азиз-авлиёлар камол топган, ислом дини тамаддуни ривожланган диёрдир. Шу боис юртимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 9 февралда “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатида имижини мустаҳкамлашга йўналтирилган вазифалар белгилаб берилди.
Давра суҳбатида ушбу вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
ЎзА




