Марғилоннинг янги сайёҳлик маркази

Марғилоннинг янги сайёҳлик маркази

 

vapraprrorolroldddddd.jpg

 

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан аталган замонавий туризм маркази барпо этилди. Миллий мерос ва замонавий ёндашув уйғунлашган мазкур йирик лойиҳа ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

35 гектар майдонни эгаллаган мажмуада қатор маданий ва туристик объектлар қад ростлади. Жумладан, илмий-амалий марказ, “Отабек ва Кумуш уйи” музейи, ҳунармандлар расталари, карвонсаройлар, тарих музейи, шарқона бозор, мақом театри ҳамда амфитеатр ташкил этилди.

Шунингдек, ҳудудда сунъий кўл, мусиқали фавворалар, кўкаламзор майдонлар, дам олиш масканлари, меҳмонхоналар ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо қилинди. Лойиҳа шарқона меъморчилик анъаналари асосида ишлаб чиқилиб, уни амалга оширишда туркиялик архитекторлар иштирок этди.

Мазкур марказ нафақат сайёҳлик маскани, балки маънавий-маърифий аҳамиятга эга мажмуа сифатида ҳам эътиборга молик. У ерда Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилган.