Маданий меросни асраб-авайлашга бағишланинди
Маданий меросни асраб-авайлашга бағишланинди

Юртимизда 8 мингга яқин маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, уларни асраб-авайлаш, бойитиш, келажак авлодларга бус-бутун ҳолича етказиш муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Бу йўналишда истиқлол йилларида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментида “Маданий меросни асраб-авайлаш ва контрабандасининг олдини олиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари, Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Оқилова, Буюк Британия музейининг Яқин Шарқ бўлими куратори, доктор Сент Жон Симпсон, профессор Жеймс Аллан, доктор Ричард Пиран Макклари, доктор Андрей Омелченко ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда моддий ва номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди. Маълумки, бир неча асрлик ёхуд минг йиллик тарихга эга ноёб буюмлар қиймати бебаҳо. Шу боис ҳам бундай ашё ва буюмлар ноқонуний савдосининг олдини олиш, ўғирликларни бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга.

Семинар давомида ўғирланган маданий мерос объектларини аниқлаш ва Ватанига қайтариш бўйича академик ҳамжамият билан қандай ишлаш кераклиги бўйича зарур тавсиялар ўртага ташланди. Бу борада Британия музейи ёндашуви, тажрибаси кўриб чиқилди. Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги Чашмаи Айюбдан ўғирланган кошинлар қандай аниқланганлиги, ўғирлаб олиб чиқиб кетилаётган ноёб буюм ва кошинларнинг чегара кучлари томонидан мусодара этилган ҳолатлари, бу жараёндаги илмий экспертиза ишлари борасида маълумотлар берилди. Шунингдек, Санкт-Петербург Давлат Эрмитаж музейининг кошинларни ўрганиш ҳамда намойиш қилиш тажрибаси муҳокама қилинди.
Тадбир давомида экспертлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
ЎзА




