Маданий мерос объектлари давлат муҳофазасида
Маданий мерос объектлари давлат муҳофазасида
Юртимизда тарихий обида ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади. Уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Андижон вилоятида 422 та тарихий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган 12 та маданий мерос объектларида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш ишлари режа асосида амалга оширилмоқда. Мутахассислар иштирокида вилоятдаги маданий мерос объектлари рўйхати шакллантирилиб, уларнинг электрон маълумотлар базаси яратилган, тарихий ёдгорликларнинг кадастр ҳужжатлари, паспортлари тайёрланган.Қатор объектларни ўрганиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, хорижлик ва юртимизнинг тарихчи олимлари, археологлари ҳамкорлигида Марҳамат туманидаги Мингтепа, Қўрғонтепа туманидаги “Қўштепа” археологик ёдгорликларида қазилма ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Мингтепа қалъаси қадимий Даван давлатининг пойтахти – Эрши шаҳрининг харобалари эканлиги тарихдан маълум. Олимларнинг аниқлашича, ўз даврида қалъанинг шаҳар ичи қисми 38 гектар, шаҳар ташқариси эса 230 гектар майдонни эгаллаган. Эрши ҳукумдорининг махсус саройлари жойлашган Жунғортепа, Қоровултепа, Мингтепа, Алитепа сингари ўндан ортиқ тепаликлар харобалари ҳозирда ҳам сақланган.
Вилоят маркази ва Тошкент шаҳрида ушбу археологик ёдгорликларда олиб борилган қазишмалар чоғида топилган ноёб осори-атиқалар, турли буюмлар кўргазмалари ташкил этилиб, кенг жамоатчиликка намойиш этилди. Шунингдек, очиқ осмон остидаги “Мингтепа” музейини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Андижон шаҳридаги “Арк ичи” архитектура ёдгорлиги, “Коммерсант қароргоҳи”, Шаҳрихон туманидаги “Қипчоққўрғон” масжидида реставрация-тиклаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археологик ёдгорлигида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек Андижон шаҳридаги “Дукчи Эшон”, “Аҳмадбек хожи”, “Юнусхожи масжиди”, “Гумбаз масжиди”, “Обелиск ва хож”, “Авлиё Николай черкови”, Пахтаобод туманидаги “Отақўзи мадрасаси”, Асака туманидаги “Тиллахон масжиди” архитектура ёдгорликлари, Булоқбоши туманидаги “Супалитепа”, Жалақудуқ туманидаги “Абдуллабий I” археология ёдгорликлари, Қўрғонтепа туманидаги “Юнус ота” зиёратгоҳида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.