Маҳалла тизими янада такомиллаштирилади
Маҳалла тизими янада такомиллаштирилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 октябрь куни маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда маҳалла институтини ислоҳ қилиш ва уни халқ ҳаётига яқин, самарали тизимга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Маҳаллада “еттилик” тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик даражаси 2 баробар қисқарди. Шунингдек, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келди.
Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Улар бошчилигида “еттилик” вертикал тизими яратилди, етарли шароит, ресурс ва ваколатлар берилди. Маҳалладаги ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, иш ўрни яратиш учун маҳаллаларга банкир ва солиқчилар боғлаб берилди, инфратузилмага ҳам алоҳида маблағ ажратилмоқда.
Президентимиз бу борада яна бир янгиликни эълон қилди. Жорий йилдан бошлаб Солиқ қўмитаси ер ва мол-мулк солиқларини тўланганлик даражасига қараб, “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” рейтингини эълон қилади.
Бунда 100 таликка кирган маҳаллага “Ташаббусли бюджет”нинг янги тизими бўйича инфратузилма харажатининг 75 фоизи бюджетдан тўлаб берилади. Шунингдек, ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирига қўшимча 2 миллиард сўмдан ажратилади.
Қонунчилик палатаси депутатларига ўз округидаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳар бирига 3 миллиард сўмдан маблағ берилади.
Маҳалла ҳудудида санитария, экология ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг 10 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилади. Маҳаллалар бюджетига 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 200 миллиард сўмдан ажратилади.
И.
Умуман, ушбу манбалар ҳисобидан келгуси бир йил учун 2 мингта маҳаллага қўшимча 8,5 триллион сўм маблағ берилади.
Туман ҳокимлари ушбу имкониятлардан унумли фойдалани, “маҳалла еттилиги” билан янги ёндашувлар асосида ишлаши зарурлиги қайд этилди.