Маҳалла фонди туҳфаси
Маҳалла фонди туҳфаси

Тошкент шаҳрида ўтказилган «Буюк ўтмиш мероси — маърифатли келажак асоси» халқаро форуми доирасида Ўзбекистоннинг “Маҳалла” хайрия жамоат фонди тарихий аҳамиятга эга 1872 йилги тилла ҳошияли Қуръон ва 1920 йилги достон қўлёзмаларини Ислом цивилизацияси марказига топширди.
Қуръони Карим — ҳижрий 1289 / 1872 йилда Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида машҳур хаттот Мир Муҳаммад Нурий (Умар Рушадийнинг шогирди) томонидан кўчирилган нусха. Тилла ҳошиялар билан безатилган ушбу қўлёзма 200 × 130 мм ҳажмга эга.
“Ҳазрати Шоҳмардон ва Саййид Баттол Ғозий достони” — ҳижрий 1340 / 1920 йилда ёзилган адабий асар. Ўлчами 220 × 150 мм бўлиб, тарихий-адабий мероснинг ноёб намунаси сифатида экспозициядан жой олди.