Кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида навбатдаги вазифалар
Кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида навбатдаги вазифалар

Президент Шавкат Мирзиёев кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 44 мингдан зиёд кўп квартирали уйда 7,1 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларга 900 дан ортиқ бошқарув сервис компаниялари ва 200 дан ортиқ ширкатлар хизмат қилади. Шунингдек, 856 та уйда ўзини-ўзи бошқариш тизими жорий этилган.
Кейинги йилларда кўп қаватли уйлар ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, умумий мулкни таъмирлаш ва муҳандислик коммуникацияларини янгилаш бўйича муайян ишлар қилинди, аҳолига сифат кўрсатиш даражаси ва кўлами ошди.
Шу билан бирга, бошқарув сервис компаниялари фаолияти барқарорлиги ва самарадорлигини ошириш орқали хизматлар сифатини ошириш, қўшимча сервис турларини жорий этиш долзарб аҳамиятга эга.
Мавжуд бошқарув компанияларнинг аксарияти мажбурий бадал ҳисобидан фаолият юритмоқда, уларнинг фаолиятига инвестиция киритишга тайёр тадбиркорлар кам. Шунингдек, экспертларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, йирик шаҳар ва вилоят марказларида бошқарув сервис компанияларининг яширин даромадлари расмий тушумлардан камида икки баробар кўп. Буларнинг барчаси соҳага даромад келтирадиган янги модель ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан 2026-2030 йилларда баъзи шаҳар ва туманларда кўп квартирали уй-жойларни бошқаришнинг кластер тизимини ҳуқуқий эксперимент сифатида жорий этиш таклиф қилинди.
Эксперимент доирасида уйлар ҳолати таҳлил қилиниб, “яшил, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади, камида 7 минг хонадондан иборат лотлар шакллантирилади ҳамда 5 йиллик ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади. Лотлар ва мастер-режалар туман кенгашлари томонидан тасдиқланади, бошқарувчи ташкилотлар эса “Менинг уйим” тизими орқали мулкдорлар томонидан овоз бериш йўли билан танланади.