Кулолчилик – тупроққа “жон ато этиш” санъати
Кулолчилик – тупроққа “жон ато этиш” санъати
Кулолчилик санъати - миллий ҳунармандчиликнинг энг муҳим, шу билан бир қаторда қадимий тармоқларидан бири. Кулоллар томонидан яратилган сопол буюмлар гўзаллиги, бежиримлиги билан инсон кўнглини шод қилса, уй-рўзғор ишларида ҳам кенг фойдаланиш имконини беради.
Бугунги кунда мамлакатимизда бу санъат турини ривожлантириш, кулолчилик анъаналарини миллий ифтихор рамзи сифатида ҳар бир хонадон, маҳалла ҳамда идора ва ташкилотларда кенг тарғиб қилиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада ўзбек кулолчилик санъати маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш, бошқа мамлакат кулоллари билан ҳамкорлик ишлари ҳам йўлга қўйилган.
Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси Франциянинг A.S.I.E халқаро жамғармаси билан ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳа дастури бўйича Франция Олий ҳунармармандчилик мактабининг кулолчилик ихтисоси бўйича V босқич талабаси Эмма Фрелат Анна Ўзбекистондаги кулолчилик мактаблари фаолияти билан танишди ва касб маҳоратини оширди.
Республика "Ҳунарманд" уюшмасида ташкил этилган амалий санъат музейида франциялик талабанинг Ўзбекистонга сафари якунига бағишланган учрашув ва кўргазма ташкил этилади.
Дастур режаси бўйича талаба икки ой давомида Риштон ва Ғиждувон кулолчилик мактабларида бўлиб, кулолчилик сирларини ўзлаштириши кўзда тутилган эди. Франциялик талаба Риштон ва Ғиждувон билан бирга Ургут ва Хоразм кулолчилик мактаблари билан ҳам танишди.
Тадбирда "Ҳунарманд" уюшмаси вакиллари, кулоллар, ҳунармандлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Амалиётини айнан Ўзбекистонда ўташга қарор қилган талаба илк маротаба жорий йилнинг 29 февраль куни Франциядан Ўзбекистонга келган. 1 мартдан 29 мартга қадар Фарғона вилояти Риштон туманида барпо этилган "Халқаро кулочилик маркази"да кулол Бахтиёр Назиров уй-меҳмонхонасида яшаб, кулолчилик сирларини ўрганди.
- Ўзбек миллий ҳунармандчилигининг ўзига хос тармоғи бўлган кулолчилик санъати маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш, дунё ҳунармандлари, уста кулоллари билан фикр, малака алмашишга қаратилган ушбу лойиҳанинг илк қаҳрамони Эмма Фрелат Анна бўлди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев. – Бу жараён ҳали узоқ давом этади. Дунёнинг ривожланган кўплаб давлатлари билан бу лойиҳа доирасида музокаралар олиб бормоқдамиз. Келажакда ўзбек ҳунармандчилик вакиллари ҳам бошқа мамлакатларда малакаларини ошириб келиши учун имкониятлар яратиш йўлида изланяпмиз.
Эмма Фрелат Анна 29 мартдан 24 апрелгача Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги Абдулло Нарзуллаевнинг кулолчилик устахонасида Ғиждувон кулолчилик мактаби анъаналари билан танишиб, амалий иш олиб борди.
- Эммадаги кулолчиликка бўлган қизиқиш мени ҳайрон қолдирди. Айниқса, чарх билан ишлаш, сопол буюмларга нақш тушириш, безак беришга меҳр қўйиб, қунт билан ўзлаштирди. Ҳозирги вақтда ўзи мустақил сопол буюмлар ясаш даражасига етди. Кулолчиликнинг сир-асрорларини ўргатганимдан жуда хурсандман, - дейди Ғиждувон кулолчилик мактаби вакили, уста Абдулло Нарзуллаев.
А.Нарзуллаев ташаббуси билан талаба Фрелат Анна юртимизнинг бошқа кулолчилик мактаблари билан ҳам танишди.
Дастур режаси бўйича талаба 2 ой давомида Риштон ва Ғиждувон кулолчилик мактабларида бўлиб, кулолчилик сирларини ўзлаштириши кўзда тутилган бўлсада, Эмма Ургут кулолчилик мактаби намояндаси, машҳур Облоқуловлар сулоласи вакили уста Нӯъмон Облоқулов, Хоразм вилояти Мадир кулолчилик мактаби вакили, машҳур Матчоновлар сулоласи давомчиси Одилбек Матчонов устахонасида ҳам бўлиб, Хоразм ва Ургут кулолчилик мактаблари билан ҳам танишди. Янгиариқда Республика Ҳунарманд уюшмаси ташаббуси билан янги ишга тушган кулолчилик марказида уста кулол Баҳодир Отажонов билан суҳбатлашди.
Тадбирда Республика “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан Франция Олий ҳунармармандчилик мактаби талабаси Эмма Фрелат Аннага ушбу курсни муваффақиятли тамомлаганлиги ҳақида сертификат топширилди.
ЎзА




