Қўқон шаҳри туризм бўйича халқаро йиғилишга мезбонлик қилади

23-24 июнь кунлари Қўқон шаҳрида Туркий кенгаш туризм масалалари вазирларининг VI йиғилиши ва Туризм бўйича ишчи гуруҳнинг XV йиғилиши бўлиб ўтади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019- ва 2020 йилларда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитлари доирасида илгари сурилган ташаббусларини амалга ошириш ҳамда ташкилот доирасида туризм соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари Туркий кенгаш доирасида амалга оширилаётган «Modern Silk Road» қўшма туризм маршрути лойиҳасига киритилиши таъминланди.

 

2020 йил ўтказилган Туркий кенгаш туризм масалалари бўйича вазирларининг V йиғилиши якуний баёнига кўра, туризм масалалари вазирларининг навбатдаги VI йиғилиши ва Туризм бўйича ишчи гуруҳнинг XV йиғилишини 2021 йилнинг 23-24 июнь кунлари Қўқон шаҳрида ўтказишга келишилган.

 

Бугунга қадар мазкур тадбирда Туркий кенгаш Бош котиби Бағдат Амреев, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Актоти Раимкулова, Қирғизистон Республикаси Бош вазир ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Акилбек Жапаров, Озарбойжон Республикаси давлат туризм агентлиги раиси Фуад Нагиев ўз иштирокини тасдиқлаган.

 

Йиғилишда Кенгашга аъзо давлатларда туризм соҳасининг пандемиядан кейинги тикланиши, «Табаррук зиёрат» лойиҳасини амалга ошириш ҳамда аъзо давлатларнинг йирик шаҳарлари ўртасида халқаро авиарейсларни тиклаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинади.

 

Шу билан бирга, хорижий иштирокчилар туризм соҳасидаги истиқболли лойиҳалар, зиёрат туризм имкониятлари, Фарғона вилоятининг ҳунармандчилик, экотуризм ва гастрономик салоҳияти билан таништирилади.