“Келинг ва кўринг”: дунё музейларини кўрган Германия расмийси барчани Ўзбекистонга саёҳатга чорлади
“Келинг ва кўринг”: дунё музейларини кўрган Германия расмийси барчани Ўзбекистонга саёҳатга чорлади
Қарийб 9 йиллик улкан меҳнат самараси бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё жамоатчилиги эътиборидаги муҳим илмий-маърифий масканга айланди. Рамазон ҳайити арафасида ўз эшикларини очган ушбу муҳташам марказ қисқа вақт ичида халқаро ОАВда кенг ёритилиб, жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда. Халқаро миқёсда юксак эътирофларга сазовор бўлаётган марказга нуфузли меҳмонлар ташриф кун сайин ортмоқда.
Хусусан, Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Европа масалалари бўйича давлат вазири Гюнтер Крихбаум бошчилигидаги делегация Марказ экспозициялари билан батафсил танишиб, музейнинг илмий концепцияси ва замонавий ёндашувларига алоҳида эътибор қаратди.
Ташриф давомида мартабали меҳмон аввало “Буюк сиймолар галереяси”да намойиш этилган буюк алломалар сиймосини катта қизиқиш билан кузатди. Ушбу асарларнинг рассом Алишер Алиқулов томонидан яратилгани ва майда мозаикалар орқали юксак бадиий маҳорати билан бажарилгани меҳмонда чуқур ҳайрат уйғотди. Унинг таъкидлашича, бу каби санъат намуналари тарихни нафақат кўрсатади, балки ҳис қилиш имконини ҳам беради.
Исломдан аввалги давр экспозицияларида эса тарихий жараёнларнинг изчил ва мантиқий кетма-кетликда ёритилгани, айниқса темирчилик жараёнларининг сунъий интеллект ёрдамида жонли намойиш этилиши германиялик расмий вакиллар томонидан юқори баҳоланди. Бу ёндашув тарихни замонавий технологиялар билан уйғунлаштиришнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди.
Биринчи Ренессанс бўлимида ўз даври учун жаҳон илм-фанида мислсиз кашфиёт яратган буюк мутафаккирлардан бири, асарларида ўз даврида мавжуд бўлган 600 га яқин шаҳарнинг координаталарини келтирган Абу Райҳон Беруний глобусининг қайта тикланиб, алоҳида концепция асосида тақдим этилгани, шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мақбаралари макетлари, уларнинг ислом илм-фани ривожидаги беқиёс ўрни ва фидокорона хизматлари меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Иккинчи Ренессанс экспозициясида эса Амир Темур кўрсатмаси асосида Умар Ақто томонидан кўчирилган улкан Қуръони карим нусхасининг дизайни, унга бўлган юксак эҳтиром ва тарихий аҳамият алоҳида қайд этилди. Шунингдек, Бибихоним либосининг 22 килограмм вазнга эгалиги ва уни бир вақтнинг ўзида 15 нафар канизак кўтариб юргани ҳақидаги маълумот германиялик мартабали меҳмонни ҳайратга солди.
Гюнтер Крихбаум, Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Европа масалалари бўйича давлат вазири:
– Авваламбор, сизларни Ислом цивилизацияси маркази барпо этилгани билан табриклайман. Бу, албатта, жуда тўғри ва муҳим ташаббус деб биламан. Бу ерда ўтмиш ва келажак ўзаро боғланган, ташриф буюрувчиларга тарихни бугунги кун билан уйғун ҳолда англаш имконияти яратилган.
Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Айнан у кишининг ташаббуси ва қатъияти туфайли бундай йирик ва муҳим лойиҳа амалга оширилди.
Биз кўплаб буюк олимлар ва уларнинг мероси билан танишдик. Баъзан биз ўзимизни кўп нарсани биладигандек ҳис қиламиз, аммо ўтмиш алломалари эришган натижалар билан солиштирганда, уларнинг ютуқлари нақадар улкан эканини англаймиз.
Мен дунё бўйлаб кўплаб музейларни кўрганман, аммо камдан-кам ҳолларда бу даражада ҳайратланганман. Шу сабабли мен нафақат Ўзбекистонда яшовчиларга, балки барча сайёҳларга ҳам бу ерга келишни тавсия қиламан. Фақатгина шу марказнинг ўзи ҳам Ўзбекистонга саёҳат қилишга арзийди. Қисқаси, шуни айтаман: келинг ва кўринг”.
Меҳмоннинг таъкидлашича, Марказнинг барча экспозициялари ўзига хос ва қизиқарли бўлса-да, айнан Қуръони карим залининг меъморий ечими ва маънавий муҳити алоҳида ажралиб туради. Сура ва оятларнинг 5 метр баландликдаги 8 та ипак гиламларга битилгани, шунингдек, муқаддас Усмон Мусҳафи учун зал марказида яратилган ноёб дизайн асосидаги махсус жой меҳмонда чуқур таассурот қолдирди.
Ташриф якунида Германия расмий вакили бу каби масканлар халқлар ўртасида ўзаро англашув, маданий мулоқот ва тинчлик ғояларини мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эгалигини эътироф этди.








