“Катта Лангар Қуръони” варақларининг таъмири якунига етди

“Катта Лангар Қуръони” варақларининг таъмири якунига етди

 dytjdjsrjhsregaergserhsergar.jpg

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг реставрация лабараториясида маҳаллий ва хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида “Катта Лангар Қуръони” варақларини таъмирлаш ишлари ниҳоясига етди.

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ушбу қадимий Қуръони карим варақларини таъмирлаш ишларининг биринчи босқичи 2019 йил 7-11 ноябрь кунлари ва иккинчи босқичи 2020 йил 4-11 февраль кунлари якунланган эди.

 

Шу кунларда бўлиб ўтган таъмирлаш ишларининг навбатдаги босқичини Лувр  музейи (Париж шаҳри) мутахассислари Аксель Дело ва Аурелия Стрери томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Реставрация ва консервация” бўлими бош мутахассиси Шухратуллоҳ Пўлатов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Камолиддин Маҳкамов ва Саидраҳмат Икрамовлар кўмагида амалга оширди.

 

Мазкур реставрация ва консервация ишлари Юртбошимизнинг 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ва 2019 йил 7 мартдаги “2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон музей экспонатлари кўргазмасини ташкил этиш ва Ўзбекистон музей фондларини хорижда самарали намойиш этиш учун шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармойишининг ижросини таъминлаш мақсадида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилди.

dkdtyjdhtreshgargeasrgrehers.jpg

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид Ислом оламидаги энг қадим тарихга эга Мусҳаф нусхаларидан бири бўлган “Катта Лангар Қуръони” варақлари Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Лангар ота” масжидида узоқ сақлангани учун шу номни олган. Юртимизда “Катта Лангар Қуръони”нинг 17 варағи мавжуд. Уларнинг бир варағи Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида, иккитаси Бухоро вилоят кутубхонасида ва бир варағи Бухоро давлат музей-қўриқхонасида, 13 варағи Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонасида сақланмоқда.