Қашқадарё ва Наманган вилоятлари имом-хатиблари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида
Қашқадарё ва Наманган вилоятлари имом-хатиблари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида

Янги Ўзбекистонда янги Уйғониш даврига пойдевор қўйилаётган ҳозирги пайтда диний соҳа вакиллари ҳам ўз дунёқрашларини бойитиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан танишиш га ҳаракат қилмоқдалар.
Шу мақсадда уларнинг жойлардаги диний-маърифий марказларга ташрифи ташкил этилмоқда. Мамлакатимиз вилоятлари имом-хатибларининг, жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига зиёратлари уюштирилмоқда.
Куни кеча эса Қашқадарё ва Наманган вилоятлари имом-хатиблари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази барпо этилиши билан танишдилар.
Тошкент шаҳрининг Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бунёд этилаётган Марказ учун 9,1 гектар майдон ажратилган. Бино миллий анъанавий усулда қурилмоқда. Бу ерда узоқ кутилган тарихий маскан қад ростламоқда. Марказ, аввало, меъморий ва бинокорлик нуқтаи назаридан ниҳоятда улуғвор, муҳташам ва ноёб бўлади.

Имом-хатибларга Марказда юртимиздан етишиб чиққан буюк ислом уламолари, жаҳон маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккирлар, рассом ва хаттотларга оид бой маълумотлар мужассам бўлиши ҳақида батафсил гапириб беришди. Ушбу мажмуа ўзида нодир экспонатларга бой Ислом санъати музейи, кутубхона ва қўлёзмалар фондини мужассам этади.
Буюк аждодларимиз томонидан асос солинган илмий, диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма, тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео-фото ҳужжатлар билан бойитилади. Шу билан бирга, бу ерда кенг кўламли илмий-тадқиқот ишлари ҳам олиб борилади.
Махсус делегацияларни қабул қиладиган, илмий тадқиқотлар олиб бориладиган ва диссертациялар ҳимоя қилинадиган хоналар бўлади. Бу ерга ташриф буюрувчилар учун бир вақтнинг ўзида ислом оламининг ўнлаб энг ёрқин намояндалари ҳаёти ва фаолияти билан танишиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, бинода 350 ўринли конференциялар зали ҳам барпо этилмоқда.




