Қайта тикланадиган энергия манбалари
Қайта тикланадиган энергия манбалари

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўлкамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётнинг барча соҳалари қатори қайта тикланадиган энергия яратишни ривожлантиришга ҳам ижобий туртки бўлди. Хусусан, охирги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди ва 9 минг мегаватт янги қувватлар, жумладан, салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялари ишга туширилди. Соҳадаги бундай ўзгаришлар маҳаллий корхоналар ривожига ҳам сабаб бўлмоқда.
Ююртимизда хорижий сармоядорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит, иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги туфайли жаҳондаги энг илғор компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истиқболли эканига ишончи ортмоқда. Ҳозирги кунда Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, Туркиянинг “AKSA”, “Cengiz Enerji”, БААнинг “Masdar”, Хитойнинг “China Energy”, “Datang, “Sinoma”, “Poly”, “CNTIC”, “Eagle Rise”, Франциянинг “EDF”, “Voltalia”, “Total Energies”, Германиянинг “Siemens Energy” ва Қатарнинг “Nebras” компаниялари, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа молия институтлари мамлакатимиз билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, энг илғор технологияларни олиб келмоқда.
“Яшил энергия”нинг яна бир муҳим томони экология тозалигини таъминловчи энг ишончли манба эканлигидир. Таҳлилчилар ёзишича, агар дунё Париж келишувида кўрсатилганидек глобал ҳарорат ўсишини саноатдан олдинги даражадан 1,5 даража Цельсийгача чеклаш мақсадига эришмоқчи бўлса ҳозирданоқ саъй-ҳаракатларни кучайтириши керак.
Табиийки, буларнинг барчаси глобал исишга сабаб бўлувчи қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечишни тезлаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.