Қадимий қўлёзмаларнинг нусхалари келтирилди

Қадимий қўлёзмаларнинг нусхалари келтирилди

hjdghjjgdh.jpg 

 

      Малайзияда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовга мамлакатимиз маданий меросига оид тарихий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари топширилди. Булар: Абу Райҳон Берунийнинг "Ат-Тафҳим" ва Абулқосим Фирдавсийнинг Темурийлар даврида кўчирилган "Шоҳнома" асарлари. Ислом тафаккури ва цивилизацияси институтида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромидин Гадоев ҳам иштирок этди.

      Бу қўлёзмалар Ислом цивилизацияси марказининг тарихий экспозициясида намойиш этилиши кутилмоқда.

      Абу Райҳон Беруний (973–1048) асарлари ва илмий кашфиётлари дунё илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган. Унинг 1197 йилда кўчирилган "Ат-Тафҳим" асари жаҳон илм-фанида муҳим манба сифатида эътироф этилган. Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома"си эса XV асрда Темурийлар даври китобат санъати анъаналари асосида кўчирилган. Асарда Камолиддин Беҳзод миниатюра мактабига хос унсурлар аниқланган.

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати