Қадимий “Ғиждувон қўрғони” қайта тикланмоқда
Қадимий “Ғиждувон қўрғони” қайта тикланмоқда

Маданият вазирлиги, Маданий мерос департаменти, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан қадимий “Ғиждувон қўрғони” қайта тикланмоқда.
Айни пайтда “Қўрғон” ва “Чорсу” маҳаллалари негизида “Туризм маҳалласи”ни ташкил этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
ХVIII асрда қурилгани тахмин қилинаётган бу уйда ўймакорлик санъатининг ажойиб намуналари сақланиб қолинган. У ўз даврида бадавлат кишига тегишли бўлган. Бу тураржой ҳозир қаровсизлик, ташқи таъсирлар оқибатида таъмирталаб аҳволга келган.
— Яқинда Маданий мерос департаменти бошлиғи ўринбосари, бош архитектор Б. Матчонов раҳбарлигидаги бир гуруҳ экспертлар ҳамроҳлигида шу ерда бўлиб, ўрганиш ишлари олиб бордик, — дейди Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудов. — Экспертлар томонидан мазкур уйнинг тарихи ва қурилиши бўйича маълумотлар тайёрланадиган бўлди. Тегишли хулоса олингач, мазкур қадимий гўша маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилади. Умуман, Ғиждувонда йигирмага яқин қадимий уй бор. Барчаси маданий мерос объектлари рўйхатидан ўрин олиши керак, деган фикрдамиз. Бу мазкур қадимий уйларни асраб-авайлаш, уларни сайёҳлар ташриф буюрадиган гўшага айлантиришда қўл келади. Ўз навбатида уй эгаси зиммасига уни рисоладагидек сақлаш мажбурияти юкланади.
XIX асрга оид “Бозори қаймоқ”, “Болойи Қассобон”, “Бобораҳимбой” масжидлари ҳамда XVI асрга оид “Эски тош ҳаммом” объектида амалга оширилаётган реконструкция ва реставрация ишлари якунланди. Аҳоли ва хорижий сайёҳлар ташриф буюришига тайёрланди.
“Бозори Қаймоқ” масжиди олдидаги майдонда ташриф буюрувчилар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида 2 та миллий архитектура анъаналарига хос услубдаги айвонлар ўрнатилди. Ғиждувон тумани қадимий “Қўрғон” маҳаласи ҳудудида жойлашган XVI асрга оид “Эски тош ҳаммом” объектини асл тарихий ҳаммом сифатида фойдаланишга тайёрлаш ишлари якунланиб, қайтадан ўз фаолиятини бошлади.




