Исломшунос олим китобларининг тақдимоти
Исломшунос олим китобларининг тақдимоти

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказида ZOOM дастури орқали тарихчи олим Убайдулла Уватов қаламига мансуб китоб ва рисолалар тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказидан Термиз давлат университети ва Низомий номидаги Тошкент давлат университети Термиз филиали профессор-ўқитувчилари, талабалари, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси устоз ва ўқувчилари, илмий тадқиқотчилар иштирок этди.
Видеомулоқот шаклида ўтказилган тақдимотда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбар ва илмий тадқиқотчилари ZOOM дастури орқали қатнашиб, марҳум олимнинг самарали илмий фаолияти билан боғлиқ хотираларини баҳам кўрди. Юксак инсоний фазилатларини ёдга олди. Китоб ва рисолалари ҳақида фикр алмашди.Убайдулла Уватов етук тарихчи олимлар мураббийи, Ўзбекистон тарихида буюк аждодлармиз меросини тиклаш йўлини бошлаб берган илм-фан фидойиси эди. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети шарқшунослик факультетининг араб филологиясини муваффақиятли тугатган марҳум олим дастлаб бир муддат шу факультетда талабаларга сабоқ берган.





