Исломнинг муқаддас қадамжолари Мусулмонлар жамиятининг биринчи пойтахти

Исломнинг муқаддас қадамжолари 

Мусулмонлар жамиятининг биринчи пойтахти

bezymann43.jpg

Мадинаи-Мунаввараҳ — Нурафшон шаҳар, Дор ул-Ҳижра, Қалб ал-Ислом, Дор ал-Ислом, Дор ас-Сунна каби 95 дан ортиқ номлар билан улуғланган Мадина мусулмонлар жамиятининг биринчи пойтахти деб эътироф этилган.

Мадина қадимда “Ясриб” деб аталган. Птолемей ўзинг “География” асарида бу шаҳарни “Ятриппа”, византиялик Стефан эса “Ятриппа полис” деб аташган. “Ясриб” номи билан эса у Қуръони каримнинг “Аҳзоб” сурасида қайд қилинади.

Шаҳарга асос солинган вақт маълум эмас. 622 йилда шаҳарга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида мусулмонлар ҳижрат қилган. Мадинада мусулмон давлатчилигига асос солинган ва у мусулмонлар жамиятининг биринчи пойтахти сифатида эълон қилинган.

 VII асрдан бошлаб Мадина мусулмонларнинг Маккадан кейинги энг катта зиёратгоҳи ҳисобланади. 632-661 йиллар Мадина  Рашид халифалар давлати деб ном олган мамлакатнинг пойтахти бўлган. Уммавийлар ва Аббосийлар даврида Ҳижознинг маъмурий маркази, Х асрдан Мисрга тобеъ бўлган. 1517 йилда Миср турклар тасарруфига ўтгач, Мадина Усмонли турк салтанатига, кейинроқ – 1919 йилда Ҳижоз подшолигига қўшиб олинган. 1927 йили шаҳарни Ибн Саъуд қўшинлари забт этган, 1932 йилдан Мадина Саудия Арабистони таркибида.

Мадина шаҳри Саудия Арабистонининг ғарбий қисмида, Ҳижоз вилоятида, Қизил денгиздан 250 километр шарқдаги воҳада жойлашган. Унинг атрофида учта айланма йўл қурилган, энг замонавий алоқа воситалари мавжуд. Шаҳар автомобиль йўллари орқали Макка, Ироқнинг Нажаф, Иорданиянинг Аммон ҳамда Жидда шаҳарлари билан боғланган. Мадинанинг аэропорти халқаро аҳамиятга эга.

Шаҳарда Қуръони Карим ва бошқа китоблар чоп этиладиган махсус босмахона мажмуаси бор. Мадина марказида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уйи ёнига Маккадан кейин ислом дунёсидаги иккинчи муқаддас даргоҳ ҳисобланадиган Набавий Масжиди қурилган. Унинг илк имоми пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган ва ҳаётлигида масжид пайғамбарнинг асосий қароргоҳи бўлиб хизмат қилган.

Набавий масжиди Қуба масжидидан кейин қурилган Исломдаги иккинчи масжид деб кўрилади. Унга исломий анъаналарда жаннат бўлаги дея таъриф берилган. Набавий масжиди барпо этилганида  ҳажми 1050 квадрат метр бўлган. Мусулмонлар сонининг ортиб бориши ва масжиднинг фазилатлари унинг муттасил кенгайтириб боришга  туртки бўлган.

Илк бор Халифа Умар,  кейин Умавийлар, Аббосийлар, ХХ асрга келиб эса  Саудийлар Набавий Масжидни кўп бора қайта қурганлар. Набавий  Масжид ўзининг дастлабки ҳажмидан 100 марта катталашган ва ўша пайтдаги шаҳарнинг деярли бутун  ҳудудини қамраб олган. Масжидга олиб кирадиган кўплаб йўллар кенгайтирилган, эскалаторлар ўрнатилган, унинг 41 та  дарвозаси сони 85 тага етказилган, буларга қўшимча гўзал безатилган гумбазлар, тўрт минора ва 13 та  эшик қурилган.

2012 йилда  подшоҳ Абдуллоҳ Набавий Масжидини қайта қуришга фармон берган. Бу энг йирик қайта қуриш  лойиҳасининг амалга оширилиши масжид намозхонларининг сонини  1 миллион 800 минг кишига етказиш имкониятини беради. Натижада масжид ҳудуди 614 минг 800 квадрат метрни ташкил этади, унинг ичига 1 миллион, ҳовлисига 800 минг намозхон сиғадиган бўлади.