Исломда аёлларнинг мавқеи
Исломда аёлларнинг мавқеи

“Ҳадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Нозима Ибрагимова Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим олаётган курсант қизлар билан учрашди.
“Ислом ҳуқуқида хотин-қизларнинг ўрни” мавзуида сўз юритган мутахассис тадбир аввалида юртимиз хотин-қизлари учун яратилаётган имкониятлар, жамиятда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш ва фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди.
Юртимиз заминида аёл зоти азалдан юксак даражада эъзозланган. Хотин-қизларнинг оиладаги мавқеи соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, фарзанд тарбиясига машғул бўлиш билангина ўлчанмаган. Буюк соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даври ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёлларнинг қанчалик улуғлангани, салтанат ишларида муҳим вазифалар билан шуғуллангани ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Бу борада муқаддас ислом динида хотин-қизларга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, барча инсонлар, жинсидан қатъи назар, тенг экани айтилади.
Исломшунос олима хотин-қизларга юксак эътибор қилинган жамиятда фаровонлик ҳукм суришини таъкидлаб, ички ишлар органи ходими касбини танлаган курсант қизларнинг илм-маърифат йўлидаги изланишлари, саботли хизматлари исломда улуғ ибодат сифатида қадрланиши, касбга хиёнат қилиш Ватанга хиёнат қилиш билан баробарлиги ҳақида ўз маслаҳатларни берди




