Ислом санъати кўргазмаси
Ислом санъати кўргазмаси

Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш, ислом динининг ҳақиқий қадриятларини очиб бериш мақсадида Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ижтимоий фанлар халқаро фестивали доирасида ислом оламининг буюк олими Имом Бухорий ҳадисларидан илҳомланган ижод аҳлининг ислом санъати кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазма Буюк Британиянинг Dacore IT компанияси, Лестер университети, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий ҳалқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ва мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган.
Кўргазмада таниқли уста рассомлар билан бир қаторда, халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган ёш рассомлар ҳам иштирок этмоқда. Уларнинг барчасини ислом дини руҳияти бирлаштиради.
Кўргазма иштирокчилари орасида таниқли миниатюрачи Давлат Тошев, китобот санъати бўйича тажрибали рассом Камолиддин Aбдуллаев, ёш ва истеъдодли рассомлар – хаттот Шейха Aбдуллаева, графикачи рассом Ёқуб Бекназаров ва фотосуратчи Муҳиддин Aли каби таниқли маданият намояндалари бор. Халқаро миқёсда тан олинган «Сўғдиёна» миллий чолғу-асбоблари камер оркестри кўргазма учун махсус янги «Зикр» номли композицияни тайёрлаган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ислом санъати бутун мусулмон дунёсида катта тарих ва бой тажрибага эгалигини, табийки, бунда кўҳна Мовароуннаҳр ва бугунги Марказий Осиёнинг ҳиссаси беқиёслигини таъкидлади. Шундай экан, уни асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказишда мазкур кўргазма беқиёс аҳамият касб этади. Хаттотлик ва меъморий саънат анъаналари ҳанузгача давом этиб келмокда. Уларни етук устозлар ёрдамида муносиб шогирдларга етказишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим. Зеро, санъатдан баҳраманд бўлган инсондан фақат эзгулик кутилади.
Ушбу кўргазмага қўйилган барча санъат асарлари “Саҳиҳул Бухорий” ҳадисларидан илҳомланиб яратилган ижод маҳсулларидир. Бу эса кўргазмага ташриф буюрувчилар учун исломнинг асосий манбалари билан яқиндан танишишга ёрдам беради.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати




