Ислом оламидаги энг муқаддас масжид яна очилди

Ислом оламидаги энг муқаддас масжид яна очилди

yekryeoyukprfypkfyuafcu.jpg

              Маккаи Мукаррама: Ислом оламидаги энг муқаддас масжид яна очилди - Масжид-ул Ҳаромда жамоат намозлари ўқилишига рухсат берилди. Масжид-ул Ҳаром Ислом оламидаги энг мўътабар ва улкан масжид саналади.

Масжид глобал коронавирус пандемияси боис, етти ойдан бери ёпиқ қолаётганди.

Ислом оламидаги қолган икки муқаддас масжид эса, бундан тўрт ой бурун очилганди. Каъбатуллоҳ жойлашган Масжид-ул Ҳаромни йилига миллионлаб зиёратчилар зиёрат қилиб келишган.

Масжид-ул Ҳаром ҳозирча ўз эшигини подшоҳлик фуқароларига очган. Улар, кеча, якшанба кунидан бошлаб, масжидда жамоат бўлиб намоз ўқишга имконли бўлишган.

Саудия Арабистони 4 октябрдан бошлаб Умра зиёратини ҳам тиклашга киришган. Аммо бунинг босқичма-босқич йўлга қўйилиши айтилган. Аввалбошда рухсат подшоҳлик фуқароларига берилган. Зиёратчилар сони кунига 6 мингта билан чекланган.

18 октябрдан бошлаб, Мадинаи Мунавварадаги Набавий Масжид ҳам янада кўпроқ зиёратчиларни қабул қилиши мумкин бўлади. Бу масжидда кунига 15 минг зиёратчининг тоат-ибодат қилишига изн берилгани айтилмоқда.

Саудия Арабистони шу йил июнь ойида Набавий Масжид ва яна тўққиз мингга яқин масжид эшикларини очишга қарор қилган. Масжидларни қайта очишдан олдин миллионлаб мусулмонларнинг қўл телефонларига турли тилларда хабарлар юборилган, жамоат намозлари учун қандай янги тартиблар жорий этилгани тушунтирилганди.

 glkglkvevekpyukpfyuka.jpg

1 ноябрдан бошлаб, Умра зиёратини чекланган сонда хорижликлар ҳам адо этишлари мумкин бўлади.

Хабарларга кўра, бу пайтга бориб, ҳар икки муқаддас масжид тўлиқ очилади. Аммо санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилиши шарт бўлади.

Глобал коронавирус пандемияси боис, бу йилги Ҳаж зиёратига ҳам зиёратчилар сони кескин чекланган. Подшоҳликнинг ўзидан бўлган бор-йўғи минг нафар мусулмонга Ҳаж зиёратини адо этишга изн берилганди.