Ислом молияси 2021 йилда ҳам ўсишда давом этади

 

 Ислом молияси 2021 йилда ҳам ўсишда давом этади

 

vnonaoverykpkoslvnypp.jpg

Moody’s агентлигининг янги ҳисоботида таъкидланишича, ислом молия тизимининг ислом банкчилиги, эмиссия ва суғурта йўналишлари, коронавирус билан боғлиқ пандемия туфайли келиб чиқаётган қийинчиликларга қарамай кўпчилик давлатлар ҳукуматлари томонидан юритилаётган рағбатлантирувчи сиёсат ҳамда ушбу маҳсулотларга бўлган кучли талаб ҳисобига муайян манфаатларга эга бўлади ва ўсиш суръатларини сақлаб қолади.

 

“Биз ислом молияси 2021 ва ундан кейинги йилларда ҳам анчадан бери давом этиб келаётган ўсиш суръатларини сақлаб қолган ҳолда, барқарор ривожланишига умид қиламиз. Ислом молия тизими, одатда, аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган мамлакатларда етарли даражада ривожланмаган бўлиб, бу вазият соҳанинг кенгайиши учун кенг имкониятлар яратади”, – дейди Moody’s агентлигининг вице президенти ва етакчи таҳлилчиси Ашраф Мадани.

 

Ислом молияси активлари ўсиш суръатлари ўртача бўлсада, лекин ҳукуматларнинг доимий кўмаги ва қўллаб қувватлашига таянган ҳолда, шунингдек банк мижозлари томонидан ислом молия маҳсулотларига бўлган барқарор талаблар ҳисобига анъанавий молия активларига нисбатан устунликни сақлаб қолади.

 

“Биз 2021 йилда эмиссия умумий ҳажми 190-200 млрд. АҚШ доллари атрофида бўлишини тахмин қилмоқдамиз. Бу таҳмин Форс кўрфази араб мамлакатларидаги молиявий маблағларга бўлган эҳтиёжнинг юқорилиги билан боғлиқ, чунки нефт нархи ҳамон паст, бюджет тақчиллиги эса юқори даражада, шу билан бирга ҳукуматларнинг жами қарзлар таркибида сукук улушини оширишга бўлган сай-ҳаракатлари давом этмоқда”, дейилади ҳисоботда.

 

Форс кўрфази араб мамлакатлари ва Малайзия асосий бозор иштирокчилари сифатида ислом молия соҳасининг ўсишида локомотив вазифасини ўтаб бермоқда. Кўрфаз мамлакатларининг ислом молия тизимидаги улуши охирги 10 йилда 32% дан (2009 йил) 45,7 % га (2020 йил сентябрь) етди. Бунда Саудия Арабистонинг ҳиссаси катта бўлган бўлса-да, кўрфаздаги бошқа давлатларда ҳам шу каби ҳолат кузатилди.

 

Саудия Арабистони, Малайзия ва БАА жаҳон миқёсида ислом молияси учун энг йирик бозорлар бўлиб қолмоқда. Саудия Арабистони ислом молияси кўлами жиҳатдан етакчи мамлакат бўлиб, ислом молияси активлари 2019 йил декабрда 323 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган бўлса, 2020 йил сентябрига келиб 361 млрд. АҚШ долларига етди.

 

islommoliyasi.uz