Ислом дини инсониятга ва жамиятга хизмат қилувчи ҳар қандай янгилик ва кашфиётни қадрлайди
Ислом дини инсониятга ва жамиятга хизмат қилувчи ҳар қандай янгилик ва кашфиётни қадрлайди

Ўрта асрларни Шарқ Ренессанси даври сифатида тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилишида буюк аждодларимизнинг муносиб ҳиссаси бор. Улар қайси йўналишда бўлмасин, илғор саналишган. Ҳадис илмида Имом Бухорийнинг олдига тушадигани бўлмаган.
Фиҳқда Бурҳониддин Марғиноний, калом илмида Абу Мансур Мотуридий, тафсирда Имом Замахшарийга тенг келадиган аллома топилмаган. Сўз мулкида Алишер Навоий, тиббиётда Ибн Сино, фалаккиётда Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек... Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Ислом дини инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай кашфиёт ва янгиликни юксак қадрлайди, қўллаб-қувватлайди. Буни муқаддас оятлар ва муборак ҳадислар ҳам тасдиқлайди.
Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифда илмга тарғиб қилинган, илмсизлик қораланган. Илк нозил бўлган оятда ҳам «ўқи!», «ўқи!» деб буюрилади. «Илм» сўзи Қуръони каримда 811 ўринда турли маʼноларда келади.
Муқаддас китобда: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража(мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят), дейилган.
Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу оятни: «Албатта, даражаларни кўтариш улуғ фазлу марҳаматга далолат қилади ва дунёда олий мартаба, шон-шуҳрат каби маънавий юксакликни ҳамда жаннатдаги олий мартаба каби ҳиссий юксакликни қамраб олади», дея тафсир қилган.
Расулуллоҳ (с.а.в.) кўплаб ҳадисларда илм эгаллашга, олимларни эъзозлашга чорлаганлар. Жумладан: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир», деб марҳамат қилганлар.
Ёвузлик устидан эзгулик, разолат устидан адолат, ёмонлик устидан яхшилик ғалаба қозонгани сингари илм ҳам ҳамиша жаҳолатдан устун келган. Ислом илмсизлик ва жоҳилликни қоралайди. Жаҳолат ҳаётимизни барбод, турмушимизни касод қилади. Маърифат эса қалбга сайқал бериб, маънавиятимизни гўзаллаштиради, шон-шуҳрат келтиради.
Бошқа бир ҳадисда: «Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки, илмни мерос қилиб қолдирганлар», дейилган (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирини танлашликка буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришдилар».
Ҳазрат Али каррамллоҳу важҳаҳу айтадилар: «Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади». Ҳакимлар: «Илм ўрганинг, зеро у фақирликда давлат, бойликда зийнатдир», деганлар.
Дунёда тараққиётни белгиловчи омиллар кўп, сабаблар бисёр. Лекин уларнинг ҳеч бири илмчалик аҳамиятли эмас. Шуни инобатга олиб, мамлакатимизда коронавирус инфекция туфайли жорий этилган карантин шароитида ҳам умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун онлайн дарслар давом эттирилди. Бу ҳолат Марказий Осиё давлатлари орасида ягона экани кишига фахр-ифтихор бағишлайди.
2019–2020 ўқув йили ҳам поёнига етди. Албатта, ёшларнинг келажакда бирор касб ва ҳунар эгаси бўлишлари, биринчи навбатда, ўзларининг, қолаверса, ота-оналарининг ҳам орзу умидларидир. Аммо ана шу орзу умидлар ўз-ўзидан рўёбга чиқиб қолмаслигини барчамиз яхши биламиз. Бунинг учун талаба ва ўқувчилар илм йўлида уйқудан, баъзи бир кўнгилхушликлардан кечмоқларига тўғри келади. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар», деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.
Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий фанларнинг ўрни йўқ деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир биридан ажратиш мумкин эмас. Ҳазрат Одам алайҳиссалом дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлдилар.
Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб:
«Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир», — деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.
Таъкидлаш лозимки, барча пайғамбарлар, шу жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий ишларга, турмуш қуриш, тижорат, зироат, уй-рўзғор ишлари ва бадан тарбияга оид каби билимларни ўргатганлар.
Ёшларни дунёвий илмлар соҳиби ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш энг муҳим масалалардан экан, Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб: «Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар», деганлар.
Инсоннинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши аввало, унинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, деб марҳамат қилганлар. Тўғри, бола ёшлик қилиб илмнинг аҳамиятини тушунмаслиги мумкин.
Динимизда дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганиш фарз даражасига кўтарилган. Занжий ибн Холид раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Болалик чоғимизда Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга:” Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз, унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, дедилар.
Демак, ҳар бир ёш фақат мактабни ёки ундан кейинги таълим муассасаларини тамомлашни эмас, албатта, олий маълумотли бўлишни ўз олдига улуғ мақсад қилиб қўйиши керак. Бунинг учун юртимизда барча шароит яратилган. Ўқисак, илм ўргансак, бас, шунинг ўзи кифоя.
Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари




