Ислом цивилизацияси маркази жаҳон музейшунослари билан янги мулоқотларни бошлади
Ислом цивилизацияси маркази жаҳон музейшунослари билан янги мулоқотларни бошлади
Глобал миқёсда музейларни XXI аср талабларига мос равишда замонавий шакллантириш масалалари бугун халқаро кун тартибининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Ислом цивилизацияси маркази бу борада ўз концепциясини такомиллаштириш бўйича жаҳон музейшунослиги тажрибаларини ўрганишни мақсад қилган. Германиянинг Германиянинг Culture Cooperation жамияти директори Кетлин Гёбель иштирокида ўтказилган халқаро илмий семинар ана шу мақсадларнинг амалий ифодасидир. Семинарда хорижлик эксперт Саудия Арабистонида барпо этилаётган Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳаётига бағишланган музей лойиҳасини тақдимоти доирасида тажрибаларни ўртоқлашди.
Жорий йилнинг 7-11 июл саналарида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат глобал миқёсдаги илмий-маърифий мулоқот майдони, балки музейшунослик, маданий меросни асраш ва уни замонавий технологиялар асосида намойиш этиш борасида илғор халқаро тажрибаларни бирлаштирган нуфузли платформага айланди. Форум давомида 40 дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган юзлаб олимлар, тадқиқотчилар, музейшунослар ва экспертлар иштирокида ўнлаб илмий анжуманлар, давра суҳбатлари ҳамда амалий семинарлар ташкил этилди.
Форумнинг илмий дастуридан ўрин олган муҳим тадбирлардан бири Германиянинг Culture Cooperation жамияти директори Кетлин Гёбель иштирокида ўтказилган халқаро илмий семинар бўлди. Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, магистрантлар ва талабалар иштирок этди.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ислом тамаддунининг бой илмий, маънавий ва маданий меросини замонавий музей технологиялари асосида намоён этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан, форум доирасида ташкил этилган мазкур семинар Марказнинг халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, дунёнинг етакчи музей муассасалари ва маданий ташкилотлари билан тажриба алмашиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида муҳим аҳамият касб этди.
Семинар давомида музейларнинг замонавий жамият ҳаётидаги ўрни, маданий меросни сақлаш ва тарғиб қилишнинг янги усуллари, илмий концепцияларни ишлаб чиқиш, рақамли технологиялар, мультимедиа ва интерактив ечимларни музей экспозицияларига жорий этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда музейлар нафақат тарихий осори-атиқалар сақланадиган маскан, балки илмий тадқиқотлар, таълим, маданий дипломатия ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни таъминлайдиган муҳим марказларга айланиб бормоқда.
Тадбирнинг асосий қисмида Culture Cooperation жамияти томонидан Саудия Арабистонида барпо этилаётган Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаёти ва рисолатига бағишланган музей лойиҳаси тақдим этилди. Унда музейнинг илмий-концептуал асослари, экспозицияларни шакллантириш тамойиллари, тарихий манбаларни саралаш мезонлари, мультимедиа технологияларидан фойдаланиш, ташриф буюрувчилар учун интерактив муҳит яратиш ҳамда экспозицияларнинг тарбиявий ва маърифий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тақдимот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар мазкур лойиҳани амалга ошириш жараёнида қўлланилаётган инновацион ёндашувлар, тарихий ҳаққонийликни таъминлаш усуллари ва рақамли технологияларнинг имкониятлари хусусида фикр алмашдилар.
Семинарда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, жаҳоннинг нуфузли музейлари ва илмий муассасалари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ислом цивилизациясининг бой меросини замонавий технологиялар ёрдамида кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги фаолияти алоҳида эътироф этилди. Таъкидланганидек, форум доирасида ташкил этилган бундай учрашувлар Марказнинг халқаро илмий-маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашга, музейшунослик соҳасидаги илғор тажрибаларни мамлакатимизга татбиқ этишга ва янги ҳамкорлик лойиҳаларига мустаҳкам замин яратади.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар ҳамда келгусида илмий тадқиқотлар, музейшунослик ва маданий меросни тарғиб қилиш соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар.
Мазкур семинар I Халқаро ислом цивилизацияси форумида илгари сурилган цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, илм-фан ва маданий меросни умуминсоний қадрият сифатида тарғиб этиш ғояларининг амалий ифодаси бўлиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг жаҳон илмий ҳамжамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамларидан бири сифатида аҳамият касб этди.







