ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ХАЛҚАРО МИНБАРДА

ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ХАЛҚАРО МИНБАРДА

vaiasiasismismi.jpg

 

       Ўзбекистонлик бир гуруҳ олимлар Туркия Республикасида бўлиб, қатор анжуманлар, давра суҳбатлари, тақдимот ва кўргазмаларда иштирок этишди. Сафарнинг марказий воқеаси – Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркия Миллий саройлар бошқармасининг 100 йиллигига бағишланган халқаро симпозиум бўлди. Унда 37 мамлакатдан 50 дан ортиқ маърузачи ва 300 га яқин иштирокчи қатнашиб, музей иши ва маданий меросни асраш бўйича замонавий ёндашувлар муҳокама қилинди.

        Сафар доирасида марказ вакиллари ИРСИКА раҳбари Маҳмуд Эрол Қилич билан учрашдилар. У Ўзбекистоннинг ислом маданияти ва меросини асрашда 57 мамлакат орасида етакчи ўринда эканини, Марказ эса Президент ташаббуси билан амалга оширилган йирик мегалойиҳа сифатида бутун Ислом олами учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. ИРСИКА томонидан Ўзбекистондаги маънавий-маърифий ислоҳотлар ҳақида махсус китоб-альбом тайёрланаётгани ҳам маълум қилинди. Унда сўнгги йиллардаги туб ўзгаришлар, қўшма тадбирлар ва келгуси лойиҳалар акс эттирилади.

        Ташрифнинг муҳим қисми сифатида делегация Сулаймония кутубхонасидаги нодир қўлёзмалар фонди билан танишди. Туркия Қўлёзма асарлар бошқармаси раиси Жўшқин Йилмазнинг айтишича, бу ерда 200 мингдан ортиқ қўлёзма замонавий шарт-шароитларда сақланади, уларнинг катта қисми Ўзбекистон тарихий мероси билан боғлиқ. Ўзбек ва турк мутахассислари қўлёзмаларни ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича узоқ йиллардан бери самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

         Туркия ва Саудия Арабистонида ўтказилган тадбирлар Ислом цивилизацияси марказининг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди. Истанбулдаги учрашувлар илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш, қўшма лойиҳалар ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш имконини яратган бўлса, Маккада MWL электрон платформасининг ишга туширилиши исломий меросни рақамлаштириш ва глобал илмий интеграция йўналишида янги босқични белгилади. Ҳар икки ташриф ҳам Ўзбекистоннинг маърифий дипломатияси, илмий ҳамкорлик ва ислом цивилизацияси меросини жаҳонга етказиш борасида стратегик қадамларни мустаҳкамлади.