Инсон ҳуқуқларини таъминлаш - давлат сиёсатининг асосий йўналиши
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш - давлат сиёсатининг асосий йўналиши
“Барча одамлар эркин, қадр‐қиммат ва ҳуқуқларда тенг бўлиб туғиладилар” – бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 1-моддасида муҳрлаб қўйилиши ҳар бир давлатнинг инсон ҳуқуқлари, асосий эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан мажбуриятларининг асоси ҳисобланади.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, бу соҳада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар кучайтирилди. Мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли имплементация қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Шу билан бирга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимлари жорий қилинди.
Гендер тенгликни таъминлаш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Мамлакатда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, Ўзбекистон фуқароси ҳуқуқий мақомига эга бўлмаганларнинг фуқароликка қабул қилишнинг қонуний чоралари кўрилди.
Шу билан бирга мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш талаб этилмоқда. Хусусан, инсоннинг шахсий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш кафолатларини янада кучайтириш, шунингдек давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини ўзаро ҳамкорликда амалга оширишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилиши зарурати мавжуд. Шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича малакасини ошириш тизими самарадорлигини ошириш ҳам муҳим вазифалардан бирига айланган.
Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга 2020 йил 24 январдаги Мурожаатномасида “...фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам қўйиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда”, деб алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳудди шу мақсадларга йўналтирилган.
Ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари нормаларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Шунингдек, халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари (“йўл хариталари”) ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Мазкур ҳужжатда инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали омили сифатида Камбағалликни қисқартириш дастурини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, хусусий мулк дахлсизлиги кафолатларини таъминлашнинг самарали механизмлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг, айниқса тадбиркорларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида тадбиркорлик тузилмалари иштирокини янада кенгайтиришга доир қонунчилик янада такомиллаштирилади.
Мамлакатда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепцияси ишлаб чиқилади ҳамда ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит тизим яратилиб, ижтимоий суғуртага оид қонун ҳужжатлари қабул қилинади.
Давлат олий таълим муассасалари, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга ихтисослаштирилган муассасалар (университет, институт, марказ, факультет, курслар), шунингдек, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув курслари (дарсликлари) жорий этилади.
“Йўл харитаси”дан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам ўрин олган. Бунда меҳнат қонунчилигида ишга қабул қилиш бўйича қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган талабларни илгари суриш орқали хотин-қизларнинг иш берувчилар томонидан камситилишига йўл қўймаслик, хотин-қизлар учун тақиқланган касбий фаолият соҳаларини қисқартиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади. Шу билан бирга аёлларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган тармоқлар ёки касблар рўйхатига аниқлик киритилади.
Меҳнат қонунчилигида иш берувчининг ташаббуси билан ходимнинг пенсия ёшига етиши ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ 60 ёшга тўлгунга қадар ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи юзага келиши муносабати билан муддатсиз тузилган меҳнат шартномасининг, шунингдек, унинг амал қилиш муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тақиқланиши ҳам ўз ифодасини топади. Айни пайтда хусусий секторда меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини тартибга солиш ва такомиллаштириш орқали меҳнатга яраша муносиб иш ҳақи тўланишини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилади.
Меҳнат кодексининг янги таҳририда касаначилик билан шуғулланувчи шахсларнинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш; жамоавий меҳнат низолари тўғрисидаги нормаларни такомиллаштириш назарда тутилиши ҳам мўлжалланган.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, қонуний манфаатларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга муносиб ҳиссасини қўшиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Федерация томонидан мунтазам равишда “Касаба уюшмалари – болаларга”, “Касаба уюшмалари – фахрийларга”, “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акциялари ўтказиб келинмоқда. Ушбу тадбирларда жамоа шартномаларига киритиш орқали боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватланади, улар учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатлари қопланади. Болаларни ёз мавсумида соғломлаштириш амалга оширилади.
Касаба уюшмалари томонидан ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш мақсадида уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари олиб берилади. Уруш ва меҳнат фахрийларин сиҳатгоҳларда даволантирилади, уларнинг мамлакатимиз тарихий шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилади.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилашга амал этишини ўз назоати остига олган. Хотин-қизларга касаба уюшмалар томонидан моддий ёрдам кўрсатилмоқда, эҳтиёжманд оилалар аёллари сиҳатгоҳларда бепул соғломлаштирилмоқда.
Мамлакатимизда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари, асосий эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатланишига хизмат қилиши шубҳасиздир.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат қилган журналист
Тел: 90-131 86 58




