Имом Бухорийнинг ҳадис илмини шаклланиши ва тарқалишига қўшган буюк ҳиссаси

Имом Бухорийнинг ҳадис илмини шаклланиши ва тарқалишига қўшган буюк ҳиссаси

yvnoyekrofyukprfuafcua.jpg

Имом Бухорийнинг фалсафий қарашлари, у тўплаган энг ишончли ҳадисларни ўрганиш ҳозирги янгиланаётган ўзбек жамияти учун муҳим аҳамиятга эга. Зотан, дунё мусулмонлари Қуръони каримдан кейинги мавқеда кўрадиган ушбу ҳадисларнинг мўътабар ирфоний-маърифий, маънавий-аҳлоқий ва руҳий-тарбиявий аҳамияти давлатимизнинг баркамол авлод сиёсати билан ҳамоҳангдир.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлар экан, “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб авайлашга даъват этади,” деди.

 

“Ҳадис” сўзи арабчадан келиб чиққан бўлиб, “сўз”, “калом”, “пайғамбар сўзи”, “ҳикоя”, “нақл” деган маъноларни англатади. Диний-илмий китобларда “ҳадис” дейилганда, Муҳаммад пайғамбарнинг айтган гап-сўзлари, қилган ишлари назарда тутилади. Демак, “ҳадис илми” деганда Муҳаммад пайғамбар гап-сўзлари ва феълини ўрганиш, жамлаш, таснифлаш ва шарҳлаш билан боғлиқ фаолият тури тушунилади.

 

Тадқиқотчи Н.Қобилов Имом Бухорий “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳни тахминан 217/833 йилда 23 ёшларида бошлаб, 233/849 йилда қирқ ёшга тўлмасдан 16 йил давомида ёзиб тугатган деган хулосага келган. “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”дан олдин ҳадислар даражаларига қараб ажратилмаган.

 

 Имом Бухорий ишончли ҳадисларни тўплаб, уларни носаҳиҳларидан ажратиб, мутлақ янгича бир йўлни кашф этиб, ҳадисшунослик соҳасида “олтин йўл”ни бошлаб берди. “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” 97 китоб ва 3881 бобдан иборат, унда 7563 ҳадис келтирилган. Китобнинг ҳошиясидаги муаллақ ҳадислар 1391 та, бирон-бир ҳадисга эргашиб, уни тўлдириб келган ҳадислар 344 та, барча ҳадисларнинг адади 9082 тага етади. Уларни Имом Бухорий олти юз минг ҳадис ичидан ажратиб, текшириб, таҳлил қилиб, қайта-қайта танлаб олган.

 

Имом Бухорийнинг “Мусталаҳул ҳадис” илм ривожига қўшган буюк ҳиссасини у зот тирик пайтидаёқ эътироф этишган. Шу боис ҳам ислом оламида буюк муҳаддислар сифатида тан олинган алломалар бошида Имом Бухорий туради, ундан кейин у зот каби саҳиҳ ҳадислар тўплаган Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Доримий Самарқандий келади. Энг муҳими шундаки, ушбу олти буюк муҳаддисларнинг тўрттаси бизнинг юртимиздан чиққан юртдошларимиздир. Бу мисол Имом Бухорий диний-илмий изланишлари, асарлари ўлкамизда ҳадис илмининг шаклланиши ва тарқалишига қанчалик катта таъсир қилганини кўрсатади.